18 февраль куни Нур-Султон шаҳрига амалий ташриф билан борган Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Учрашув давомида Абдулазиз Комилов Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга йўллаган мактубини топширган.

«Учрашув чоғида Ўзбекистон—Қозоғистон стратегик шериклик муносабатларининг бугунги ҳолати ва ривожланиш истиқболлари муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Ташқи савдо айланмаси кўрсаткичларини ошириш, саноат кооперациясини кенгайтириш, тадбиркорлик субъектлари ва ҳудудларнинг ўзаро алоқаларини жадаллаштириш, маданий-гуманитар тадбирларни ташкиллаштиришга йўналтирилган қўшма дастур ва лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Марказий Осиёдаги ҳозирги вазият, минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш бўйича шаклланаётган имкониятлар, шунингдек, янги истиқболли бозорларга биргаликда кириш бўйича режалар юзасидан фикр алмашилган. Музокараларда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилган.

Фото: Қозоғистон президенти матбуот хизмати

Қосим-Жомарт Тўқаев бутун дунёда юзага келган вазият ва пандемияга қарамасдан, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар анъанавий равишда юқори даражада эканлигини таъкидлаган.

Учрашув якунида Қозоғистон президенти Ўзбекистон раҳбарига сиҳат-саломатлик, фаровонлик борасидаги илиқ тилакларини билдириб, Шавкат Мирзиёев эпидемиологик вазият яхшилангач Қозоғистонга ташриф буюришига ишонч билдирган.

Шунингдек, Абдулазиз Комилов Қозоғистонга ташрифи давомида мамлакат бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеуберди билан учрашиб, Ўзбекистон—Қозоғистон муносабатларини ривожлантиришнинг асосий жиҳатларини муҳокама қилган.

Учрашувда томонларнинг савдо-иқтисодий ва транспорт-транзит салоҳиятидан самарали фойдаланиш, тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги тўғридан-тўғри мулоқотни ривожлантириш ва чегараолди ҳудудлар ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш муҳимлигига эътибор қаратилган. Қозоғистон томони 2021 йилда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусидаги халқаро конференцияга таклиф қилинди.