Гвинея ҳукумати мамлакат жанубида Эбола безгаги эпидемияси бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда Guinee114 янгиликлар портали ҳукумат баёнотига таяниб хабар берди.
«Гвинея ҳукумати Гуеке ҳудудидаги Нзерекоре префектурасида Эбола вируси келтириб чиқарадиган касаллик эпидемияси ҳақида эълон қилади», — дейилади баёнотда.
Ҳукумат маълумотларига қараганда, Эбола билан боғлиқ биринчи ҳолат Гуеке шаҳридаги ҳамширада қайд этилган, у 28 январь куни вафот этган. Кейинроқ унинг дафн маросимида қатнашган етти кишида ҳам касаллик аниқланган, уларнинг уч нафари вафот этган.
Шошилинч мажлисда касалликнинг тарқалишига қарши кураш бўйича бир қатор чораларни жорий қилишга, шу жумладан, Эбола билан касалланган бемор билан мулоқотда бўлганларнинг барчасини аниқлаш ва изоляция қилишга қарор қилинди.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Гебрейесус айни пайтда текширув тестлари ўтказилаётганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Жанубий Африкада жойлашган Гвинеяда 2016 йилдан бери биринчи марта Эболадан камида тўртта ўлим ҳолати қайд этилгани хабар берилган эди.
Маълумот учун, Эбола вируси одам ва ҳайвонларга таъсир қилувчи ўткир инфекцияни келтириб чиқаради. Касаллик биринчи марта 1976 йилда аниқланган. Ушбу вирусли касаллик 2013—2016 йилларда Ғарбий Африкада жуда кенг тарқалиб кетди. Гвинеяда бошланган касаллик Либерия ва Серра-Леонега ҳам ўтиб кетди. Касалликнинг ўзига хос хавфли жиҳати унда касалланганлар орасида ўлим ҳолатининг юқорилигидадир. Ўша пайтда 11 315 киши ёки касалларнинг 50 фоизи вафот этган. 2019 йилнинг июль ойида Конгода қайд этилганидан кейин ЖССТ халқаро фавқулодда ҳолат эълон қилган. Мамлакатда касаллик пайдо бўлганидан буён 2200 киши вафот этган.
Изоҳ (0)