Буюк Британияда коронавирус билан касалланганлар сони 4 миллион кишидан ошди. Бу ҳақда вирус тарқалишини реал вақтда кузатиб бораётган Johns Hopkins университети маълумотларида келтирилган.
Маълумотларга кўра, ўтган бир сутка давомида мамлакатда яна 15 144 кишида коронавирус тасдиқланган. Касалланганларнинг умумий сони айни вақтда 4 025 574 кишини ташкил этмоқда.
Шундай қилиб, Буюк Британия АҚШ, Ҳиндистон, Бразилия ва Россиядан кейин COVID-19 билан касалланган аҳолиси сони 4 миллиондан ошган дунёдаги бешинчи давлатга айланди.
Шу билан бирга, бутун пандемия даврида мамлакатда коронавирусга чалинганларнинг 2,1 миллионга яқини соғайган, 116 мингдан ортиқ бемор вафот этган (ўтган бир суткада — 758 киши).
Бутун дунёда эса коронавирус инфекциясига чалинганлар сони 108,1 миллиондан ошди, ҳозирга қадар уларнинг 60,5 миллиондан ортиғи соғайган бўлса, беморларнинг салкам 2,4 миллиони вирус қурбонига айланган.
Аввалроқ Британияга «қора рўйхат»даги мамлакатлардан ташриф буюрувчилар учун «COVID-меҳмонхоналар» ташкил этилиши ҳақида хабар берилганди. Мамлакатда 15 февралдан бошлаб COVID-19 хавфи юқори бўлган давлатлардан ташриф буюрувчилар учун икки ҳафталик мажбурий карантин жорий этилади.
Мавзуга доир: Британияда коронавируснинг «хавотирлироқ» тури аниқланди
Изоҳ (0)