Самарқанд вилоятининг Каттақўрғон туманида қиморхона фаолиятига чек қўйилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ ахборот хизмати маълум қилди.
Маълум бўлишича, 2021 йил 8 февраль куни Самарқанд вилоят ИИБ, вилоят ДХХ ҳамда Каттақўрғон шаҳар ИИБ ходимлари ҳамкорлигида тезкор тадбир ўтказилган.
Тадбирда Каттақўрғон шаҳар Дўст Ишбеков кўчасида яшовчи, 1980-туғилган фуқаро М.Ф. пул эвазига хўрозларни уриштириш учун махсус жой ташкил қилиб, хўроз уриштириш учун келган ҳар бир фуқародан 10 минг сўмдан пул олиб келгани аниқланган.
Жами 3 нафар фуқаро хўрозларини уруштириш учун, 70 га яқин фуқаро эса томошага келганлиги аниқланган. 3 нафар фуқаронинг чўнтагидан марихуанна гиёҳвандлик моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.
Тезкор тадбир давомида 51 нафар фуқарога нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси 1-қисми (эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш)га асосан маъмурий баённомалар расмийлаштирилган.
Изоҳ (0)