Президент Шавкат Мирзиёев 8 февраль, душанба куни Андижон ва Тошкент вилоятларида амалга оширилиши режалаштирилган инвестицион лойиҳалар билан танишди. «Gazeta.uz»нинг ёзишича, Тошкент вилоятида ишга туширилиши режалаштирилган лойиҳалар қаторидан электротехника, кир ювиш машиналари ва музлаткичлар ишлаб чиқарувчи корхона ҳам ўрин олган.

Фото: Президент матбуот хизмати

Электротехника воситаларини ишлаб чиқариш

Фото: «Gazeta.uz»

Хусусан, Sigma Techno Production компанияси Оҳангарон туманида турли электротехника воситаларини (блендерлар, чангютгичлар, электрочойнак ва ҳоказо) ишлаб чиқаришни йўлга қўйишни режалаштирган. Ишлаб чиқариш қуввати 3,3 миллион долларга 600 минг донани ташкил этади. Лойиҳанинг умумий қиймати 10 миллион долларга баҳоланмоқда. Молиялаштиришдаги барча маблағлар хориж инвестициялари ҳисобидан амалга оширилади.

Sigma Techno Production компанияси ҳақида

Фото: «Gazeta.uz»

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, Sigma Techno Production компанияси 2020 йилнинг 29 июнида рўйхатдан ўтказилган. Асосий иш фаолияти — электр-маиший техникаларни ишлаб чиқариш. Ягона таъсисчиси сифатида Туркиянинг Palvan Insaat Turizm Lojistik Sanayi Ticaret Limited Sirketi кўрсатилган бўлиб, унинг раҳбари Эгамберди Икромжонович Эгамбердиев.

Palvan Insaat, шунингдек, 2020 йилнинг 30 июнида рўйхатдан ўтказилган ва мустаҳкам шиша маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳамда қайта ишлаш билан шуғулланувчи Sigma Glass Production корхонасига ҳам эгалик қилади. Бу ерда ҳам раҳбар сифатида Эгамберди Эгамбердиев кўрсатилган.

Ahangaran Sigma Cement цемент заводининг 100 фоиз улуши ҳам Palvan Insaat’га тегишли. Корхона раҳбари — Эгамберди Эгамбердиев.

Бундан ташқари, Palvan Insaat 2017 йилнинг 20 октябридан бери Қўқонда ёғоч, қурилиш материаллари ва санитария ускуналарини улгуржи сотиш билан шуғулланиб келаётган Baraka International Trade Group’нинг 50 фоиз улушига эгалик қилади (қолган 50 фоизи Хитойнинг Urumqi Kailingda International Trade компаниясига тегишли).

Киш ювиш машиналари ва музлаткичлар ишлаб чиқариш

Фото: «Gazeta.uz»

«Ангрен» эркин иқтисодий зонаси ҳудудида Premier Electrotech компанияси кир ювиш машиналари ва музлаткичларни ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқчи. Ишлаб чиқариш қуввати — 330 минг дона. Лойиҳанинг умумий қиймати 23 миллион долларга баҳоланган бўлиб, унинг 4 миллион доллари — шахсий маблағлар, 19 миллион доллари эса — хорижий инвестициялар. Молиялаштиришдаги барча маблағлар хориж инвестициялари ҳисобидан амалга оширилади.

Корхонани 12 ой ичида ишга тушириш режалаштирилган. Яратиладиган иш жойлари сони 200 та.

Premier Electrotech компанияси ҳақида

Фото: «Gazeta.uz»

Корхона ва ташкилотларнинг ягона давлат регистри маълумотларига кўра, Premier Electrotech кимпанияси 2020 йилнинг 1 майида рўйхатдан ўтказилган. Маиший электоника воситаларини ишлаб чиқариш билан шуғулланади. Таъсисчи — БААнинг Fajr Mustaqbal General Trading LLC (85 фоиз) ва Vista Elektronics Group қўшма корхонаси (15 фоиз). Раҳбар — Муҳаммадюсуф Муҳаммадризаев.

Шу билан бирга, Vista Elektronics Group таъсисчиси Fajr Mustaqbal General Trading LLC (81,6 фоиз) ҳисобланади, қолган улушга эса Саидмуҳтор Саинуридинов (18,4 фоиз) эгалик қилади. Саинуридинов, шунингдек, Premier Electronics товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун ариза берган.

Эслатиб ўтамиз 2020 йилнинг февралида Fajr Mustaqbal General Trading LLC компанияси «Чорсу» меҳмонхонасини сотиб олиш бўйича аукционда ҳам қатнашган, бироқ БААнинг бошқа бир компанияси — Ittihad International Investment LLC’га ютқазиб қўйганди.