Бухоро вилояти Шофиркон тумани маркази ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилишдаги талон-торожлик фош этилди. Бу ҳақда «Дарё»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.
Департаментнинг Шофиркон туман бўлими томонидан вилоят «Сувинспекцияси» ва Бухоро шаҳар Ободонлаштириш бошқармаси мутахассислари иштирокида туман маркази ичимлик суви тармоқларини реконструкция қилиш ишлари бўйича ўтказилган назорат тадбирида «Э.» МЧЖ раҳбарлари ҳужжатларга амалда бажарилмаган ишларни қўшиб ёзиш орқали 254,4 миллион сўм бюджет маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганлиги аниқланган.
Шунингдек, «Сув таъминоти ва оқова сув объектлари қурилиши бўйича инжиниринг компанияси» ДУК Бухоро вилоят ҳудудий бошқармаси масъул ходимлари томонидан ушбу жамиятга 254,4 миллион сўм бюджет маблағи ўтказиб берилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми ҳамда 209-моддаси (мансаб сохтакорлиги) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Аввалроқ Бухорода қурилиш фирмаси мактабга арзон электр чироқларини ўрнатиш орқали 84 миллион сўм бюджет маблағларини талон-торож қилгани, қабристонни ободонлаштиришга сарфланиши лозим бўлган пуллар талон-торож қилингани юзасидан прокуратура ҳолатни ўрганишни бошлагани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)