Венгрия миллий соғлиқни сақлаш маркази Россиянинг «Спутник V» коронавирус вакцинасидан фойдаланишни тасдиқлади. Бу ҳақда Венгрия меҳнат вазири Миклос Каслер Facebook’даги саҳифасида маълум қилди, деб ёзади Tengrinews.
Унинг сўзларига кўра, миллий соғлиқни сақлаш маркази «Спутник V» вакцинасини расмий ўрганишни якунлади. Натижада вакцина сифати бўйича ишлаб чиқарувчининг хусусиятларига жавоб берди ва одамларга қўлланиши мумкин.
«Ваколатли органнинг қарорига биноан Pfizer/BioNTech, Moderna ва AstraZeneca коронавирусга қарши вакциналаридан сўнг яна бир вакцина Венгрияда фойдаланиш учун маъқулланди. Шундай қилиб, бизда коронавирусга қарши курашиш учун тўртта вакцина бор», – деб ёзади вазир.
Венгрия 2020 йил ноябрь ойида тадқиқот учун «Спутник V» вакцинаси намуналарини олган биринчи Европа Иттифоқи мамлакати бўлди. 2021 йил январь ойида Венгрия Миллий фармакология ва озиқ-овқат хавфсизлиги институти «Спутник V» вакцинаси ҳужжатларни қайта кўриб чиқишни якунлади ва ушбу препаратни тасдиқлашни маъқуллади. Россия вакцинасидан фойдаланиш бўйича якуний қарор фақат миллий соғлиқни сақлаш маркази томонидан қабул қилиниши керак эди.
Бундан аввал Мьянма, Ливан ва Серб Республикасида ушбу вакцина маъқулланган эди. Мексика эса «Спутник V» вакцинасини етказиб бериш бўйича шартнома имзолади.
Изоҳ (0)