Профессионал бокснинг супер ўрта вазн (-76,2 кг) тоифасида рингга чиқаётган ўзбекистонлик Бектемир Мелиқўзиев (6-0, 5 КО) ўзининг навбатдаги жангини 13 февраль куни АҚШда ўтказадиган бўлди.
Бектемирга ушбу жангда мезбон спортчи Морган Фитч (19-4-1, 8 КО) рақиблик қилади. Жанг 8 раунддан иборат бўлади.
Калифорния штати, Индио шаҳридаги Fantasy Springs Resort Casino мажмуасида ташкил этиладиган бокс оқшомининг асосий жанги иккинчи ярим енгил вазн тоифаси (-58,9 кг) вакиллари Жозеф Диас (31-1, 15 КО) ҳамда асли тожикистонлик Шавкат Раҳимов (15-0, 12 КО) ўртасида кечади.
Эслатиб ўтамиз, Бектемир Мелиқўзиев аслида 30 январь куни ярим оғир вазн тоифасида WBA Super, IBF, WBO чемпионлик камарларининг собиқ соҳиби, россиялик Сергей Ковалёв (34-4-1, 29 КО) билан жанг қилиши лозим эди. Бироқ Ковалёвда допинг аниқлангани боис жанг бекор қилиганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)