Жазони ижро этиш ходимлари шахсий видеорегистратор (бодикамера) билан хизмат ўташлари жорий қилинади. Бу ҳақда 28 январь куни АОКАда бўлиб ўтган матбуот анжуманида Жазони ижро этиш бош бошқармаси Тарбиявий ва ижтимоий психологик ишларни ташкил этиш бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов маълум қилди.

Жамшид Султонов

Фото: UzReport

«Жазони ижро этиш муассасаларида ходимлар шахсий видеорегистраторлар билан хизмат ўташлари жорий қилинмоқда. Бугунги кунда 36 тўплам бодикамера харид қилиниб, Тошкент вилояти Зангиота туманидаги жазони ижро этиш муассасасида тест режимида синовдан ўтказилмоқда», – деди Жамшид Султонов.

Таъкидланишича, жазони ижро этиш тизимига IТ-технологияларни жорий этиш, жазо муддатини ўтаётган маҳкумлар ва уларнинг оила аъзоларига қулайлик яратиш мақсадида маҳкумларнинг қариндошлари ва бошқа шахслар билан бўлиб ўтадиган учрашувлари видеоконференцалоқа режимида онлайн тарзда ўтказилади.

Масофали видеоучрашув жараёнида маҳкумнинг қариндошлари ва бошқа шахслар билан мулоқотлари тўғридан-тўғри трансляция орқали амалга оширилишини таъминлаш мақсадида барча жазони ижро этиш муассасалари оптик толали алоқа каналлари билан таъминланган.

Аввалроқ жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни сақлаш шароитларининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда қийноқ ва жисмоний тазйиқ ўтказиш билан боғлиқ салбий ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида тизимдаги 54 та жазони ижро этиш муассасалари 3 минг 280 та замонавий видеокузатув мосламалари билан жиҳозланган. Шундан 2 минг 203 таси жазони ижро этиш муассасаси яшаш саҳнига, 432 таси ишлаб чиқариш саҳнига, 645 таси ташқи маъмурий ҳудудга ўрнатилганлиги ҳақида хабар берилганди.