Қашқадарёда сохта ҳужжатлар асосида фаолияти тугатилган масжид тақдири суд қарорига боғлиқ экани маълум бўлди. Бу ҳақда вилоят адлия бошқармаси бошлиғи иштирокидаги матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи ўринбосари Алишер Исоқов маълум қилди, дея хабар берди «Дарё» мухбири.
Таъкидланишича, 28 январь куни Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси масъуллари иштирокида журналист ва блогерлар учун матбуот анжумани ташкил этилган.
Унда сўз олган бошқарма бошлиғи ўринбосари Алишер Исоқов «Дарё» мухбирининг «Чироқчида 300 йиллик тарихга эга масжид сохта ҳужжатлар билан ёпилгач, унинг тақдири нима бўлди? Аҳоли шикояти қаноатлантирилдими?», деган саволига «Мазкур иш судда кўриб чиқилмоқда», деб жавоб берди.
Маълум қилинишича, масжид ёпилганидан норози бўлган аҳоли масжид сохта ҳужжатлар асосида ёпилганини айтиб, масжид фаолияти тўхтатилишига асос бўлган йиғилиш баённомасини ҳақиқий эмас, деб топишни сўраб судга мурожаат қилган.
«Масжид ёпилишидан норози бўлган фуқаролар билан суҳбатлашиб, уларга ваколат доирамиздан келиб чиққан ҳолда жавоб берганмиз. Қолаверса, ўша қишлоққа ҳам бориб, одамлар билан мулоқот қилдик. Адлия бошқармаси рўйхатдан ўтказувчи орган бўлгани учун тақдим қилинган ҳужжатга асосланиб, янги масжидни рўйхатдан ўтказиб берганмиз. Айни кунда фуқаролар масжид ёпилишига асос бўлган йиғилиш баёнини ҳақиқий эмас деб топишни сўраб, фуқаролик ишлари бўйича Чироқчи туманлараро судига шикоят киритилган. Иш судда кўрилмоқда. Суд қандай қарор чиқарса, иш шундай ташкил этилади», — деди бошқарма бошлиғи ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Дарё»га мурожаат қилган чироқчиликлар 300 йиллик тарихга эга масжид сохта ҳужжатлар билан ёпилганини айтиб, буни масжид имомига никоҳ ўқитмай қўйганлик учун ўзларига берилган жазо деб ҳисоблаётганини маълум қилганди. «Дарё» мухбири билан суҳбатлашган Мусулмонлар идорасининг вилоятдаги вакили Раҳматилла Усмонов эса «Бобошер» жоме масжиди ёпилмаганини, шунчаки ҳужжатларида камчилик борлигини билдирганди.
Таъкидлаш лозимки, мазкур мақолага Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси ўз вақтида муносабат билдирмаган.
Изоҳ (0)