Садир Жапаров Бишкекдаги маросимда давлат раҳбари лавозимида мамлакат халқига содиқ хизмат қилиш ҳақида қасамёд қабул қилиб, Қирғизистон президенти лавозимига киришди, деб хабар беради «Интерфакс».

Фото: «Salamnews.org»

«Қирғизистон президенти лавозимига киришар эканман, мамлакат халқига хизмат қилишга қасамёд қиламан», — дея Жапаров президент қасамёдини айтди.

Инаугурация маросими 28 январь, пайшанба куни Миллий филармония биносида бўлиб ўтди.

Марказий сайлов комиссияси раҳбари Нуржан Шайлдабекова янги президентга кўкрак нишони, штандарт ва давлат раҳбари гувоҳномасини топширди.

Маросим чоғида Жапаров, шунингдек, мамлакатга 2020 йилнинг кузидаги сиёсий инқироздан чиқишда ёрдам бергани учун Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистонга миннатдорлик изҳор этди.

«Қирғизистондаги сиёсий воқеалар чоғида берилган кўмак учун Россияга миннатдорлик билдирмоқчиман», — деди сиёсатчи. «Қўшни Ўзбекистон ва Қозоғистоннинг қўллаб-қувватлаганларини ҳам таъкидламасдан бўлмайди», — дея қўшиб қўйди Қирғизистоннинг янги раҳбари.

Қирғизистонда муддатдан олдин президент сайловлари 10 январь куни бўлиб ўтди. Давлат раҳбари лавозимига 17 нафар номзод даъвогарлик қилди. Октябрь ойидан бери ҳукуматни бошқарган Садир Жапаров рақибларидан анча устун келди. Уларнинг аксарияти 2 фоиздан кам овоз олган.

Президент сайлови билан бирга мамлакатда бошқарув шаклини ўзгартириш бўйича ҳам референдум бўлиб ўтди. Референдум иштирокчиларининг 80 фоиздан ортиғи президентлик республикаси учун овоз берди.

Муддатидан аввалги президент сайловлари 2020 йил октябрида, парламент сайловларидаги эҳтимолий қоидабузарликлар сабаб бошланган тартибсизликлар туфайли аввалги давлат раҳбари Сўронбой Жээнбеков истеъфо бергач эълон қилинган эди.