«Заковат» интеллектуал клуби нодавлат нотижорат ташкилоти тузилади. Бу ҳақда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов маълум қилди.
«Бугун фонд Васийлик кенгаши йиғилишида ‘Заковат’ интеллектуал клуби ННТ тузиш ҳақида қарор қабул қилдик. Яқин кунларда ушбу клубнинг сайти жорий этилади ва унда ‘Заковат’га аъзо бўлиш тартиби, ўйин қоидалари, тадбирлар жадвали эълон қилинади. Барча билимли ёшларни клубга таклиф қиламиз!», — деб ёзади Алламжонов Telegram’даги каналига.
Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши раиси ўринбосари, Ўзбекистон Гендер тенглигини таъминлаш бўйича комиссияси аъзоси Саида Мирзиёева ҳам бу ҳақдаги янгиликни эълон қилди.
«Масс-медиа фонди Васийлик кенгаши ‘Заковат’ лойиҳасини янги поғонага кўтариш мақсадида ‘Заковат’ интеллектуал клуби ННТ таъсис этиш ҳақида қарор қабул қилди. Хотин-қизларни бу ажойиб интеллектуал ўйинда фаол қатнашиб, ўз потенциалларини намойиш этишга чақирамиз», — деб ёзади у.
Аввалроқ Комил Алламжонов ва Саида Мирзиёева «Заковат» лойиҳасини ўз оталиғига олгани хабар берилганди. Ундан аввалроқ эса «Миллий» телеканали «Заковат» намойишини тўхтатгани маълум бўлганди.
Изоҳ (0)