Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод ҳамда Ғузор тумани ҳокимлари 10 кунлик меҳнат таътили ва даволаниш вақтида бадиий китоблар ўқишга ҳам вақт топаётганини айтди.

Бу ҳақда ҳокимлар «Дарё» мухбири билан онлайн мулоқотида маълум қилди.

«Эрталаб бемалол соат 7:00 да уйғоняпмиз. Нонушта қилиб, соат 15:00 га қадар тиббий кўрик хулосаларига кўра даволаняпмиз. Соат 16:00 дан кейин эса кино кўришга, театр томоша қилишга ва бадиий китоблар ўқишга ҳам вақт топяпмиз», — дейди Деҳқонобод тумани ҳокими Зоир Алиқулов.

Ҳоким Зоир Алиқуловнинг айтишича, уларнинг нафақат кўнгилдагидек даволаниши, балки таътилни мазмунли ўтказиши учун ҳам барча шарт-шароит яратилган.

«Ўтган вақт давомида 4 та бадиий китоб ҳам ўқишга улгурдим. Булар — Азамат Қоржововнинг ‘Сўнгги гуноҳ’, ‘Бахтиқаро маъшуқа’, Ҳасан Азизнинг эса ‘Оқсоқ қашқир изидан’, деб номланган китобининг 1- ва 2-томини ҳам ўқиб чиқдим», — дейди Деҳқонобод тумани ҳокими.

Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюновнинг айтишича, ҳокимларнинг 10 кунлик меҳнат таътилига чиқиши ва саломатлигини тиклаш учун даволаниши айни муддао бўлган.

«Коронавирус пандемияси давридаги йўқотишларимиз раҳбарлар учун ҳам саломатлик ва жисмоний чиниқиш нақадар аҳамиятли эканлигини кўрсатди. Касаллик авж олган пайтда ҳафтасига уч-тўрт маротаба туман марказидаги тақсимлаш марказида бўлиб, беморлар ҳолидан хабар олдик. Шу боисданми касаллик юқтириб олиб, даволаниб ҳам чиқдим. Ўйлашимча, ҳокимларнинг даволаниши ва 10 кун муддатга ҳордиқ чиқаришига имкон берилиши айни шу вазиятдан келиб чиққан ҳолда амалга оширилмоқда. Раҳбар соғлом ва саломатлиги жойида бўлса, ишда ҳам натижа бўлади», — деди Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов.

Ҳокимларнинг таъкидлашича, ўтаётган фурсат давомида улар даволаниш ва ҳордиқ чиқаришдан ташқари ўзаро суҳбатлашиш ва тажриба алмашиш учун ҳам вақт ва имкон топмоқда.

«Биз ҳокимларнинг таътилга чиқиб, ҳатто даволанишга юборилганимиз, тўғриси, жудаям қувонарли. Бунинг учун, албатта, давлат раҳбарига миннатдорлик билдириб, Президентимизнинг соғлиғимиз учун қайғуришларини халқ соғлиғи учун қайғуриш деб ҳисоблаб, ишга қайтганимизда ишимизни аҳоли саломатлигини тиклаш билан бошлаймиз», — дейди Ғузор тумани ҳокими Бекзод Суюнов.

Маълумот берилишича, Қашқадарё, Хоразм, Навоий, Фарғона, Наманган вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасидаги мавжуд туман ва шаҳар ҳокимлари бир жойда даволанмоқда.