АҚШ президенти Жо Байден инаугурация маросимидан бир неча соат ўтиб ўзидан олдинги президент Дональд Трампнинг бир нечта қарорларини бекор қилувчи қатор ҳужжатларни имзолади, деб хабар беради «РБК».

Фото: AP Photo

АҚШнинг сайланган президенти Трамп томонидан имзоланган қонунчиликдаги қатор ҳужжатларни бекор қилишни режалаштираётгани тўғрисида 2020 йилнинг ноябрида маълум қилинганди.

Президент сифатида Жо Байденнинг қарорлари билан киритилган ўзгартиришлар:

  • АҚШнинг 2015 йилги иқлим бўйича Париж битимига қайтиши. У атроф-муҳитга углерод газларининг чиқарилишини қисқартиришни назарда тутади. Битимга қўшилиш тўғрисидаги ҳужжат БМТга топширилади ва у 30 кундан сўнг кучга киради;
  • АҚШнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотидан чиқишини бекор қилиш. Вашингтон ташкилотдан чиқишини 2020 йилнинг ёзида маълум қилганди. Трамп бир неча бор ЖССТни пандемия вақтида йўл қўйган хатолари учун танқид қилган;
  • Қатор мусулмон давлатлари ва Африка мамлакатларидан АҚШга кирувчи фуқароларга қўйилган тақиқнинг бекор қилиниши;
  • Мексика билан чегарада қурилаётган деворнинг тўхтатилиши;
  • Канададан АҚШга келувчи Keystone XL нефть қувурининг бир қисмини қуришга берилган рухсатнинг бекор қилиниши. Қурилишга эколог ва фаоллар қаршилик кўрсатган эди. Мазкур қувур қурилиши Барак Обама президентлигида тўхтатилган, бироқ 2017 йили Трамп уни давом эттиришга рухсат берганди.

Бундан ташқари, Байден мажбурий ниқоб тақиш ва барча федерал объектларда ижтимоий масофаланишга риоя қилиш тўғрисидаги фармонга ҳам имзо чеккан.

У журналистларга президентлик фаолиятини Америка халқига берган ваъдасининг устидан чиқишдан бошлаш ниятида эканлигини маълум қилган.

Аввалроқ Вашингтонга инаугурация чоғида тартибни таъминлаш учун 25 минг нафар Миллий гвардия ҳарбийси етиб келгани, Дональд Трамп хайрлашув нутқини эълон қилгани ҳамда Трамп Байденнинг инаугурациясидан бир кун аввал коронавирус туфайли АҚШга киришга қўйилган тақиқни бекор қилгани ҳақида хабар берилган эди.