Москванинг «Локомотив» клуби ярим ҳимоячиси Жасур Жалолиддиновнинг агенти Юрий Белоус мижозининг трансфери билан боғлиқ муаммолар ҳақида гапирди.

Фото: Twitter

Аввалроқ «Локомотив» агентларга футболчи учун сарфланган пулдан 6,5 баробар кўпроқ тўлагани маълум бўлганди.

Бу ҳақда қўнғироқ товушини эшитиб, бироқ у қаердан келаётганини билмайдиган одамлар ёзмоқда. Трансфер нархининг ўзи йўқ эди. Ҳа, агентга тўланадиган пуллар бор ва тамом. Барча можаро Ўзбекистонда бошланди, бизнинг (Россия назарда тутилмоқда — изоҳ «Дарё») ОАВ эса уларни эълон қилди.

Буларнинг барчаси «Бунёдкор» собиқ бош директори Жасурни қўйиб юборишни истамагани сабаб юзага келди: унда «Бешиктош» ва қатор бошқа клублардан таклифлар бўлган.

Жасурнинг шартномасида маълум миқдордаги товон пули тўланганда унинг кетишига рухсат берадиган банд бор эди ва у кетишга қарор қилди. Бизникиларга эса шов-шув керак.

Келишув бор эди, товон пули тўланди, ҳаммаси шаффоф ва тоза кечди. Ҳеч қандай саволга ўрин йўқ.

Юрий Белоус, футбол агенти

Жалолиддинов июль ойида «Локомотив» футболчисига айланди. Бироқ москваликлар ярим ҳимоячини Россия Премьер Лигаси рўйхатидан чиқариб юборди ва Жасур «Тамбов»га ижарага берилди. Бироқ 18 ёшли ўйинчи «Тамбов» сафида ҳам бирорта ўйин ўтказмади.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил июль ойида «Бунёдкор»нинг ўша вақтдаги директори Улуғбек Мирзаев Жасур Жалолиддинов 350 минг евро эвазига Москванинг «Локомотив» клубига ўтаётганини тасдиқлаганди. Орада «Чемпионат» нашри «Локомотив» Жалолиддинов учун 1 миллион евро сарфлашини, маблағнинг 100 минг евроси футболчининг «Бунёдкор» билан амалдаги шартномасини бекор қилишга, қолган 900 минг евро эса Жасурнинг агентларига насиб этиши ҳақида маълум қилди. 29 июль куни эса москваликлар Жасурнинг трансферини эълон қилди. Август ойи аввалида «Бунёдкор» директори Улуғбек Мирзаев ишдан кетгани айтилди. Шундан сўнг август ойида Профессионал футбол лигаси Жасур Жалолиддинов трансферида шубҳали жиҳатлар борлигини эълон қилиб, Ўзбекистон футбол ассоциациясига мурожаат қилгани айтилди. Ушбу мурожаат натижалари ташкилот расмий сайтларида эълон қилинмади.

Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!