Биз 2020 йилнинг илмий ютуқлари ҳақидаги мақоламизда бу йил нақ иккита зонд (Хаябуса-2 ва OSIRIS-Rex аппаратлари) кометаларга қўнишга ва унинг жинсидан намуна олишга муваффақ бўлгани ҳақида ёзган эдик. 2020 йил учун бу ютуқлар катта воқеа саналади. Лекин бундай йирик астрономик илмий натижаларга эришиш борасида инсоният тарихида илк бора кометага қўнишни уддалаган зонд – Deep Impact бўлганини эслаб ўтмаслик адолатдан бўлмайди. Ўша зонднинг учирилганига роппа-роса 16 йил тўлди. «Дарё» сана муносабати билан Deep Impact зонди ва унинг миссияси ҳақида қисқача маълумот беради.
Deep Impact зонди 2005 йилнинг 12 январь санасида Канаверал бурнидан учирилди. Ўша пайтда у 650 кг тош босган бўлиб, никел-водородли аккумулятордан энергия таъминоти олиш эвазига ишлар эди. Зондни учиришдан асосий мақсад Юпитер гуруҳига кирувчи Темпел 1 кометасини яқиндан ўрганиш ва имкон қадар унинг сатҳига мисдан ясалган зондни улоқтиришни амалга ошириш бўлди.
Конструкцияга кўра, аппарат икки модулли қилиб лойиҳаланган ва улардан бири кометанинг яқинидан учиб ўтиб кетиши, уни фазодан туриб кузатиши мақсад қилинган бўлса, иккинчиси – бевосита зонд қисми комета сатҳига келиб тушиши керак эди. Ядрога туширилиши мақсад қилинган зонд асосан мис моддасидан ташкил топган модуль бўлиб, у деярли 100 кг массага эга соф мис бўлаги кўринишида эди.
Зонд деярли ярим йил муддатда, аниқроғи, 2005 йилнинг июль ойида кўзланган мақсадга етиб борди ва Темпел 1 кометасини масофадан туриб суратга тушириб, Ерга юборди. Кейин эса ўша мисдан ясалган зондни комета ядросига улоқтирди. Зонд сониясига 10 метрга етадиган шиддатли тезлик билан комета сиртига бориб урилди. Натижада ҳисоб-китобларга кўра, тахминан беш тонна динамит портлашига яқин эквивалент билан зарба кучи юзага келди.
Зонд бориб урилган жой комета ядросида 10 метрга яқин чуқурликдаги кратер ҳосил қилди, кратернинг диаметри 30 метр атрофида эди. Комета ядросидан 10 минг тоннага яқин газ-чанг моддаси тўзғиб, самога кўтарилди. Кўтарилган (тўзғиган) моддаларнинг Қуёш нурларидан аксланиши эвазига Темпел 1 кометасининг тунги осмондаги ёрқинлиги қисқа муддатга жуда кескин ортиб, олимларга кометани ташкил қилувчи моддаларнинг спектрал таҳлилини амалга ошириш имконини ҳосил қилиб берди. Таҳлиллар мазкур кометани асосан сув музи, карбонатлар, ароматик углеводородлар ҳамда сулфидлардан ташкил топганини кўрсатди.
Зонднинг кометага қўнган (аниқроғи, урилган) асосий қисми борасида мақсадга эришилгач, NASA миссияни имкони етганича яна давом эттиришга қарор қилди ва унинг номини EPOXI (Extrasolar Planet Observation and Deep Impact Extended Investigation) тарзида қайта номлаб, навбатдаги манзил – Ботин кометаси (85P/Botein) томон йўллади. Бироқ кейинги маслаҳатлашувлардан кейин Ботин кометасининг орбитаси етарли аниқликда ҳисобланмаганини инобатга олиб, олимлар зондни Хартли-2 кометаси (103P/Hartley) томон йўллашга қарор қилди. EPOXI 2010 йилнинг 4 ноябрь куни Хартли-2 кометасига ҳам етиб бориб, унинг тиниқ суратларини Ерга юборди.
Deep Impact ва унинг кейинги номи EPOXIмиссиялари сўнгги бор 2013 йилнинг 8 августида Ер билан алоқада бўлди, шундан сўнг у билан бошқа боғланиб бўлмади.
Музаффар Қосимов тайёрлади.
Изоҳ (0)