Тошкентнинг Мирзо Улуғбек туманидаги Паркент кўчасидан Мустақиллик кўчасига ўтиш йўли яна очилмоқда. Бу ҳақда ИИВ ЙҲХББ ахборот хизмати хабар берди.
Идора маълумотларига кўра, ушбу йўлда, шунингдек, пиёдалар ва велосипедчилар ҳаракати учун алоҳида йўлаклар ташкил этилади.
Узоқ йиллар давомида ёпиқ бўлган пойтахтдаги айрим кўчалар Шавкат Мирзиёев президент этиб сайланганидан кейин очилишни бошлади. 2015 йилнинг августида Оққўрғон кўчасидан Мустақиллик томон элтувчи Паркент ҳамда «Буюк ипак йўли» метро бекати йўллари темир панжаралар билан тўлиқ ёпилганди. Ўшанда собиқ Пушкин скверидан қайрилиб олиш ёпилган ва Паркент бозори томон ҳаракатланиш тақиқланган эди.
Эслатиб ўтамиз, 2020 йилнинг 6 январида Тошкент шаҳридаги Мустақиллик шоҳ кўчасидан чап томонга — Оққўрғон кўчасига (шаҳар марказидан ҳаракатланганда) бурилиш йўли очилган эди.
Изоҳ (0)