Россия халқ артисти, «Одам-амфибия» фильмидаги роли билан машҳурликка эришган Владимир Коренев 80 ёшида коронавирусдан вафот этди. Бу ҳақда артистнинг қизи Ирина Кореневага таяниб, «Интерфакс» хабар берди.

Кадр: Youtube

«Ҳа, оламдан ўтди. Ўлимидан олдин у коронавирус билан ‘қизил ҳудудъда ётган эди», — дейди актёрнинг қизи.

Владимир Коренев 1940 йилнинг 20 июнида Севастополда туғилган ва театр ва кино актёри, педагог сифатида фаолият юритган. 1957 йилда Коренев Россия театр санъати институтига ўқишга кирган.

Институтнинг сўнгги курсида у Владимир Чеботарёвнинг «Одам-амфибия» фильмида бош ролни ижро этиб, машҳурликка эришган. Шунингдек, у «Олис юлдуз ёруғлиги», «Дон-Кихот болалари», «Ватан ўғлонлари», «Озод этиш», «Дўзахга йўл» каби қатор фильмлардаги роли билан машҳур.