«Эвертон» клуби Англия Премьер Лигаси 16-тури доирасида «Манчестер Сити»га қарши баҳснинг қолдирилганига ўз муносабатини билдирди.
28 декабрь куни бўлиб ўтиши керак бўлган баҳс бошланишига бир неча соат қолганда қолдирилди. Бунга сабаб қилиб «Манчестер Сити» вакилларида коронавирусга чалиниш ҳолати кузатилганини кўрсатилди.
«Эвертон» ўз баёнотида учрашув қолдирилишига нима сабаб бўлганини аниқ билиш мақсадида АПЛга сўров юборганини маълум қилди.
Премьер Лига йўриқномасига кўра агар жамоада 14 нафар соғ футболчи топилмаса, у ҳолда ўйинни қолдиришга рухсат берилади. Мерсисайдликларнинг бу сўрови орқали ҳақиқатда «шаҳарликлар» жамоасида 14 нафар соғ футболчи бўлмаганига шубҳа билан қаралаётгани ва ўйинни қолдиришда жамоалар ўртасида ўзаро келишув бўлмаганини англаш мумкин.
Таъкидлаш жоиз, аввалроқ «Ньюкасл»да бешта коронавирусга чалиниш ҳолати қайд этилган ва «ҳаккалар»нинг «Астон Вилла»га қарши ўйини қолдирилганди. Бироқ у ҳолатда «Астон Вилла» учрашувни қолдирилишига ўз розилигини берганди.
Шу тариқа агар «Манчестер Сити» ўйинни қолдирганига етарли сабабларни кўрсата олмаса, жамоага техник мағлубият ёзилиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас.
Ҳозирча «Манчестер Сити»нинг етти нафар аъзосида (беш нафар футболчи, икки нафари ходим) коронавирус аниқлангани айтилмоқда. Аввалроқ манчестерликлар ҳужумчиси Габриэль Жезус, ҳимоячи Кайл Уокер ва клубнинг яна икки ходими инфекцияни юқтириб олгани маълум қилинганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)