Қўқонда газ ва электр таъминотидаги узилишлар норози аёллар шаҳар ҳокимлиги олдидаги йўлни тўсди. Ҳодиса видеоси ижтимоий тармоқларда тарқалган. Воқеа 28 декабрь куни тонгда бўлгани айтилмоқда.

«Ҳокимият атрофида яшовчи аёллар ҳокимият биноси олдидаги йўлни тўсишяпти. Чунки уйларида газ ҳам, свет ҳам йўқ. Мутасадди ходимларни бир неча марта чақирдик, лекин улар бизни эшитишни истамади. Газ-свет йўқлигидан тўйиб кетдик ҳақиқатан ҳам», — дейди ҳолатни видеога олган аёл.

Автомобильлар йўлни тўсган аёлларнинг орасидан ўтиб кетишга уринаётганида, видеога олаётган аёл ҳайдовчига қарата: «Уриб кетишингиз мумкин, бемалол. Тўйиб кетганмиз, барибир уй совуқ», — деяётганини эшитиш мумкин. Шу вақт ҳокимлик биноси олдига ички ишлар ходимлари етиб келган.

Ҳолат юзасидан расмийлар ҳозирча бирор муносабат билдиргани йўқ.

Аввалроқ Сурхондарёнинг Музработ туманида ҳам электр таъминотидаги узилишлардан норози аҳоли йўлни тўсиб қўйгани ҳақида хабар берилган эди.