Францияда Pfizer ва BioNTech томонидан ишлаб чиқарилган коронавирусга қарши вакцинадан фойдаланишни маъқулланди, деб хабар бермоқда «Интерфакс».
Маълум қилинишича, Европа комиссияси томонидан тасдиқланган Pfizer ва BioNTech томонидан ишлаб чиқарилган вакцина бозорга кириш учун маълум шартлар асосида Европа дори-дармон агентлигининг розилигини олган. Шундан сўнг Франция Соғлиқни сақлаш олий идораси COVID-19’га қарши вакцинация стратегиясини тасдиқлади.
Стратегияга кўра, биринчи навбатда вакцина коронавирус билан касалланиш хавфи юқори бўлган, жумладан, касаллик оғир ўтиши мумкин бўлган аҳоли гуруҳларига берилади. Вакцинани илгари оғир аллергик реакцияларга учраган одамлар учун қўллаш тавсия этилмайди.
Европа дори-дармон агентлиги 21 декабрь куни Европа Иттифоқида Pfizer ва BioNTech томонидан ишлаб чиқилган COVID-19 коронавирусига қарши вакцинадан фойдаланишга рухсат беришни тавсия қилган.
Эслатиб ўтамиз, коронавирусга қарши Pfizer вакцинасини бутун дунё бўйлаб тарқатиш ноябрь ойи охиридан бошланди. Британия дунёда биринчи бўлиб ушбу компания вакцинасидан фойдаланишни маъқуллади. Бундан ташқари, АҚШ, Баҳрайн, Мексика, Канада, Швейцария ва Европа Иттифоқида у фойдаланиш учун тасдиқланган.
Изоҳ (0)