Ўзбекистонда коллеж ва техникумларга кириш имтиҳонлари натижалари 17 декабрь куни эълон қилинади
Ўзбекистондаги коллеж ва техникумларга ўқишга кириш учун ўтказилган имтиҳонлар натижалари 17 декабрь куни маълум қилинади. Бу ҳақда Олий ва ўрта-махсус таълим вазирлиги хабар берди.
«2020/2021-ўқув йилида коллеж ва техникумларга ўқишга кириш истагида бўлган абитуриентлар иштирокида ўтказилган саралаш имтиҳонлари (тест синовлари, ёзма ва касбий (ижодий) имтиҳон) натижалари 2020 йил 17 декабрь куни эълон қилинади», — дейилади вазирлик хабарида.
Абитуриентлар саралаш имтиҳонлари натижаларини ўзлари ҳужжат топширган таълим муассасаларида билиши мумкин. Шунингдек, Давлат тест марказининг расмий веб-сайти www.dtm.uz орқали ҳам тест синовлари натижалари билан танишиш мумкин бўлади.