Twitter фойдаланувчилари 2020 йилда америкалик актёр Чедвик Боузманнинг аккаунтида ўлими тўғрисида эълон қилинган сўнгги хабарни энг кўп улашган. Бу ҳақда ижтимоий тармоқ блогида маълум қилинди.
Marvel кино оламига тегишли «Қора пантера» фильмидаги роли билан танилган Боузман 2020 йилнинг августида йўғон ичак саратони оқибатида вафот этганди. У 43 ёшда эди. Унинг ўлими тўғрисидаги твит ижтимоий тармоқ тарихидаги энг машҳур твитга айланган бўлиб, бир кун ичида у 5,7 миллиондан ортиқ лайк тўплаган.
9 декабрь ҳолатига кўра, мазкур пост 3,1 миллион маротаба ретвит қилинган ва 7,5 миллиондан ортиқ лайк йиғган.
Шунингдек, Twitter фойдаланувчилари томонидан жорий йилдан энг кўп муҳокама қилинган инсонлар рўйхатини тузиб чиқди. Биринчи ўрин АҚШ президенти Дональд Трампга насиб этган, иккинчи ўринда — Қўшма Штатларнинг сайланган президенти Жо Байден. Учинчи поғонадан эса Жорж Флойд — Миннеаполисда полициячилар томонидан қўлга олиниш вақтида вафот этган афроамерикалик ўрин олди.
2020 йилнинг энг машҳур хештегига #COVID19 айланган бўлса, иккинчи ўрин #BlackLivesMatter’га насиб этган.
Изоҳ (0)