Япониянинг «Хаябуса-2» космик зонди томонидан Рюгу астероиди юзасидан олинган тупроқ намуналари ортилган капсула Австралия жанубидаги Вумера тақиқланган зонаси ҳудудига қўнди, деб ёзади «РБК», миссиянинг Twitter’ига таяниб.
«Япония вақти билан бугун (6 декабрь) 04:31 да (Тошкент вақти билан 00:31 да) капсуланинг қайтиб келиши билан боғлиқ барча операциялар якунланди. Операция мукаммал кечди», — дейилади хабарда.
«Хаябуса-2» зонди 2014 йил декабрида Рюгу астероидига учирилган эди. 2019 йилнинг мартида аппарат астероиддан олинган намуналарда минералларни аниқлагани ҳақида хабар берилганди, улар битта гуруҳга бирлашган кислород ва водород атомларини ўз ичига олган.
Шунингдек, зонд 2019 йил июлида астероид юзасида сунъий кратер ҳосил қилиб, тупроқ олган эди.
Миссия натижасида олимлар сув ёки органик моддалар изларини аниқлашга умид қилмоқда, бу эса коинотда ҳаёт мавжудлиги борасидаги саволларга жавоб бериши мумкин.
Изоҳ (0)