АҚШда оммавий эмлашларга қарамай, 2021 йилнинг апрель ойига бориб COVID-19 қурбонлари сони 539 минг нафаргача ошиши мумкин. «РБК»нинг ёзишича, Вашингтон университети қошидаги ўчов ва таҳлил тизимлари институти мутахассислари шундай хулосага келди. Тадқиқот натижалари институт сайтида эълон қилинган.
«2021 йилда аҳолини оммавий эмлаш бизни нормал ҳаётга олиб боради, аммо олдинда бизни ҳали бир неча қийин ойлар кутмоқда. Биз ҳушёр бўлиб, ҳеч бўлмаганда, апрелга қадар ўзимизни вирусдан ҳимоя қилишимиз керак», — деган институт раҳбари Кристофер Мюррей. Унинг фикрича, апрель ойида оммавий эмлашнинг дастлабки натижаси кўринади.
Шу билан бирга, тадқиқотга кўра, агар вакцина аҳолига олимлар тахмин қилганидан тезроқ етказилса, COVID-19 қурбонлари сони 528 минг кишигача камайиши мумкин. Агар оммавий эмлаш мутахассисларнинг тахмин қилганидек кечадиган бўлса, аммо аҳолининг 95 фоизи ниқоб тақса, ўлимлар сони 473 минг кишигача камаяди. Агар ниқоб тақиш режимига риоя қилинмаса, ҳатто эмлаш бошланганига қарамай, апрель ойига келиб америкаликларнинг қарийб 770 минг нафари ўлиши мумкин.
Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, АҚШда ҳар куни COVID-19’дан 2 мингдан ортиқ киши вафот этмоқда. 5 декабрь ҳолатига кўра, мамлакатда бир суткада 2607 киши вафот этди. Мамлакатда жами 14,6 миллиондан ортиқ касалланиш ҳолатларидан 281 мингдан ортиғи ўлим билан якунлангани қайд этилган. Шундай қилиб, АҚШ COVID-19’га чалинганлар сони бўйича ҳам, ундан вафот этганлар сони бўйича ҳам дунёда етакчилик қилмоқда.
Изоҳ (0)