АҚШ президенти Дональд Трамп сайлов ҳалол бўлсагина, унда мағлуб бўлишга тайёрлигини билдирди, деб ёзади «РБК».

Фото: Getty Images

Давлат раҳбари 46 дақиқали видео ёзиб, унда 3 ноябрда бўлиб ўтган сайлов натижалари қалбакилаштирилгани ҳақида яна бир бор айтиб ўтди. Ўз нутқини у «эҳтимол, ўзи сўзлаган энг муҳим нутқ» деб атади. Видеоёзувни Америка раҳбари ўз Facebook’ида эълон қилди.

«Мен сайловда мағлуб бўлишга қарши эмас, лекин у адолатли бўлишини хоҳлайман. Истамайдиган нарсам шуки, сайловлар Америка халқидан ўғирлаб олинмасин», — деди Трамп.

Президент сайловларни «ғирт фалокат» деб атади ва почта орқали овоз бериш натижасида йўл очиб берилган катта кўламли қалбакилаштиришлар ҳақида гапирди. Унинг сўзларига кўра, «миллионлаб овозлар» иккиланувчи штатларда ноқонуний равишда олинган, шу муносабат билан у зудлик билан муайян штатларда сайловлар натижаларини бекор қилишни талаб қилди.

Америка етакчиси «қонуний овозлар» ҳисобланиши учун курашишда давом этишини таъкидлади. «Биз ҳар битта қонуний овоз ҳисобланиши, ноқонунийлари ҳисобланмаслигини кафолатлаб, сайловнинг адолатлилигини таъминламоқчимиз», — деб ваъда берди у.

Трамп «мувофиқлаштирилган ҳужум»га учраган АҚШ сайлов тизимини ҳимоя қилишни ўзининг бурчи деб атади.

Ноябрь охирида Америка етакчиси унинг сайловлардаги рақиби Жо Байден «сиёсий порахўрликлари» билан машҳур бўлган баъзи шаҳарлардан ташқари, бошқа йирик шаҳарларда ёмон натижаларни кўрсатганини айтганди. Унинг сўзларига кўра, Байден Оқ уйни эгаллаши мумкин, лекин бунинг учун у овозларни қонуний йўл билан қўлга киритганини исботлаши керак.

АҚШда президент сайловлари 3 ноябрь куни бўлиб ўтди. Дастлабки маълумотларга кўра, Жо Байден ғолиб бўлган. Унинг ғалабасини 14 декабрь куни сайловчилар ҳайъати узил-кесил тасдиқлаши керак.

Дональд Трамп ўз мағлубиятини тан олишдан бош тортди. Унинг ҳуқуқшунослари қатор штатларда сайловлар натижаларини қайта кўриб чиқиш ҳақида даъволар берди, аммо уларнинг Байденнинг фойдасига катта кўламда фирибгарликлар амалга оширилгани ҳақидаги гаплари ўз тасдиғини топмади.

Кейинроқ АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп 2024 йилда давлат раҳбари лавозимига ўз номзодини қўйиши мумкинлигини билдирди.