Франция пойтахти Париж шаҳрида коронавирусга қарши кураш чоралари доирасида ёпилган Эйфель минораси 2020 йилнинг декабрь ойи ўртасидан ўз ишини қайта тиклайди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.
Миноранинг фаолияти учун масъул бўлган компания томонидан маълум қилинишича, 16 декабрдан бошлаб минора ташриф буюрувчилар учун соат 10:30 дан 18:30 гача очиқ бўлади.
Дунёдаги сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган ёдгорликлардан бири бўлган минорада пандемия шароитида қўшимча хавфсизлик чоралари амал қилади — мажбурий ниқоб тақиш, ташриф буюрувчилар сонидаги чеклов ва ҳар кунлик дезинфекция.
Францияда чекловлар юмшатилишининг иккинчи босқичи доирасида 15 декабрдан музейлар ва маданий объектлар санитар-эпидемиологик тартибларга амал қилган ҳолда ўз ишини қайта тиклайди.
Пандемия бошидан буён Францияда коронавирус билан касалланиш бўйича 2,2 миллиондан ортиқ ҳолат қайд этилган. Шунингдек, 52 мингдан ортиқ одам касаллик қурбонига айланган.
Эслатиб ўтамиз, коронавируснинг биринчи тўлқини вақтида ёпилган Эйфель минораси 3 ойлик танаффусдан кейин 25 июнь куни сайёҳлар ва парижликлар учун очилганди.
Изоҳ (0)