Redmi «ақлли» соатлари 1,4 дюймли дисплей ва 50 метргача чуқурликдаги сувдан ҳимояланган корпусга эга бўлди, деб хабар беради Hi-Tech.Mail.ru.

Фото: Hi-Tech.Mail.ru

Соатлар стандарт функциялар жамланмасига эга — вақтни кўрсатади, жисмоний фаолликни кузатади, машғулотлар натижасини ёзиб олади (7 турдаги), смартфонда келган хабарларни узатади. Шунингдек, юрак уришини ўлчайдиган датчик мавжуд, бироқ GPS йўқ, шу сабабли кўчада югурилганида ҳаракат кузатуви аниқ эмас.

Xiaomi’нинг ваъда беришича, Redmi Watch бир марта қувватланиш орқали 12 кунгача ишлай олади. Шу билан бирга, соатлар жуда енгил — 35 грамм. Корпусида овозли ассистант билан гаплашиш учун микрофон ва контактсиз тўловлар учун NFC жойлашган.

«Ақлли» соат нархи 299 юань (45 доллар). Xiaomi янги гаджетини Хитойдан ташқарида сотиш-сотмаслиги ҳозирча номаълум.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг июнь ойида Xiaomi Mi Band 5 фитнес-билагузугини тақдим этганди. У бир марта қувватлантириш билан 1 ой ишлайди.