Инсоният коронавирус пандемиясига қарши кураш борасида яна бир муҳим қадамни ташлади. Ўтган душанба куни Moderna компанияси ўзининг экспериментал вакцинаси коронавирус келтириб чиқараётган COVID-19 касаллигига қарши самарадорликка эга эканини эълон қилди. Ушбу олинган натижалар кенг миқёсли ва пухта ўйланган тадқиқотлар асосида қайд қилинди. Лекин ҳозирча бошқа экспертлар ва назорат органлари томонидан тасдиқланганича йўқ.

Sciencealert сайтида Moderna компаниясининг ушбу вакцинаси ҳақида қизиқ мақола эълон қилинди. «Дарё» ушбу мақоланинг таржимасини тақдим этади.

Фото: Getty Images

Ушбу янгилик Pfizer’нинг вакцинаси COVID-19’нинг олдини олиш борасида катта самарадорликка эга экани ҳақидаги ахборотни тарқатганидан ва бу орқали ваниҳоят пандемиядан қутулишга умид уйғониб, бозорлар жонланиб кетганидан атиги бир ҳафта ўтиб эълон қилинди. Бирданига иккита муваффақиятли вакцина пайдо бўлган ҳозирги пайтда, ушбу олинган натижаларнинг нимани англатиши ва эмлашнинг қачон бошланиши масаласида бир неча нарсани билиб олиш ва ёдда тутиш жоиз.

Moderna вакцинаси 94,5 фоиз самарадорликка эга

Moderna тақдим қилган дастлабки таҳлилларга кўра, 30 минг нафар иштирокчи қатнашган сўнгги босқич синовларидаги вакцинанинг самарадорлиги 94,5 фоизни ташкил қилди. Pfizer компанияси эса ўз вакцинасининг самарадорлигини 90 фоиздан юқорироқлигини хабар қилганди.

Биз COVID-19 юқтирган кўпроқ сондаги синов иштирокчиларининг маълумотларини олганимизда бу рақамлар ўзгариши мумкин. Шунга қарамай, ушбу натижаларнинг ўзи ҳам экспертлар кутганидан юқорироқдир. Moderna ва Pfizer вакциналари ҳақидаги хабар чиқмасидан аввалроқ вакциналар бўйича эксперт, доктор Пол Оффит Буссинес Insider билан суҳбатда у ўрта ва оғир шаклдаги касалланиш даражасини 70 фоизга камайтира оладиган вакцина яратилишига умид қилаётганини айтганди ва 50 фоиздан юқори самарадорлик берадиган ҳар қандай натижа қимматли бўлишини таъкидлаганди.

Вакцинанинг самарадорлиги турлича бўлади. Айрим вакциналар, масалан, мавсумий гриппга қарши вакцина 44 фоизгача самарали бўлиши мумкин ва айни вақтда, полиомиелит ва қизамиққа қарши вакциналар мос равишда 99 ва 97 фоиз самарадорликка эга бўла олади. Эндиликда Moderna ўз вакцинасини АҚШ Озиқ-овқат маҳсулотлари ва дори воситаларининг Санитар назорати бошқармасига (FDA) рухсат олиш учун юбормоқчи. Жўнатишдан аввал Moderna вакцинанинг бехатарлиги борасидаги асосий маълумотларнинг олинишини кутмоқда.

Иккита муваффақиятли вакцина жамоатчилик учун ажойиб янгилик

Янги коронавирус тарқалишининг олдини олиш учун бутун жаҳон бўйлаб кенг кўламли вакцинация ҳаракати керак бўлади. FDA Moderna ва Pfizer ишлаб чиқарган вакцинани қўллаш учун рухсат берса, аввалига АҚШнинг ўзида чекланган сонли вакцина захираси юзага келади.

Лекин бирданига иккита муваффақиятли вакцинанинг мавжудлиги уни кўпроқ тарқатилишига омил бўлиши керак. Оператион Wарп Speed бошлиғи Монсеф Слауи, агар ҳар иккала вакцина тасдиқдан ўтган тақдирда, декабрь ойи ичида 20 миллион АҚШ фуқароси эмланишига умид билдирди.

Аллергия ва инфексион касалликлар Миллий институти директори Энтони Фаучи эса америкаликларнинг аксарият қисми эмланса, 2021 йилдан «нисбий одатий» ҳаёт тарзига қайтиш имконияти ҳақида гапирди. Вакцинанинг ҳар иккаласи ҳам икки доза кўринишида қилинади. Pfizer вакцинаси 21 кундан кейин такрорланса, Moderna вакцинасининг иккинчи дозаси биринчисидан 28 кун ўтгач қилинади.

Фото: Getty Images

Пандемиянинг эҳтимолий якунига яқин қолган бўлиши мумкин, лекин вакцинанинг эффекти дарҳол юзага чиқади деб бўлмайди.

Вакцина яратилиши борасидаги муваффақиятлар одамни хурсанд қилади. Лекин ҳаммани эмлаб чиқиш учун бир неча ой вақт талаб қилинади ва шу сабабли ҳам барибир одамлар ҳали-бери ниқобда юришларига ва ижтимоий масофа сақлашларига тўғри келади.

АҚШда пандемия қутурмоқда, янги қайд этилган касалликлар сони, касалхонага ётқизилган беморлар сони ва ўлим кўрсаткичи ортиб боряпти. FDA’нинг биологик препаратларни баҳолаш маркази директори Питер Маркс 13 ноябрь куни Буссинес Insider’га берган интервьюсида эмлашларнинг ҳануз экспериментал характерга эга эканини ва эмлашга рухсат бериш жараёни ўзи ҳам яна бир неча ҳафтани олишини айтиб ўтган эди.

Moderna бош директори Стефан Бансел ниқоб тақиш ва ижтимоий масофа сақлаш масаласи ҳозирда бизда мавжуд энг яхши қурол эканига урғу берар экан, «Биз ҳаммамиз хушёр бўлишимиз керак», дея таъкидлади. Бансел, шунингдек, бу сафарги шукроналик куни байрамида (26 ноябрь) ўз яқинлари ва қариндошлари билан йиғилмоқчи эмаслигини ҳам айтиб ўтди.

Moderna вакцинасини уйдаги оддий совутгичда 30 кунгача сақласа бўлади

Pfizer вакцинасидан фарқли ўлароқ, Moderna вакцинаси чуқур музлатиш ҳолатини талаб қилмайди. Pfizer вакцинасини ташиш ва сақлаш учун −94 фаренгейт (−70) даража совуқ ҳарорат зарур ва бу кўплаб бошқа вакциналар учун талаб қилинадиган ҳароратдан пастдир. Бу АҚШ шароити учун ҳам мураккаблик қилади ва бошқа кўплаб мамлакатлар учун эса катта тўғаноқ саналади.

Pfizer ўз вакцинасини қуруқ муз солинган идишларда ва ҳароратни мониторинг қилиш имконини берадиган кўплаб GPS қурилмалари ёрдамида қуруқлик ва ҳаво транспорти орқали жўнатишни режа қилди. Moderna вакцинаси эса оддий совутгичларда 30 кунгача сақланиши мумкинлиги ҳақида компания вакиллари ахборот берди. Бу эса Pfizer вакцинасига қараганда бу вакцинани тарқатиш вазифасини сезиларли даражада соддалаштиради.

Вакцина фаренгейт бўйича 36 даражадан 46 даражагача (цельсий бўйича 2 даражадан 7 даражагача) бўлган шароитларда бир ой мобайнида сақланиши мумкин ва бундай ҳарорат одатий маиший совутгичлар учун стандарт ҳисобланади. Moderna вакцинаси клиника ва касалхоналардаги музлатгичлар учун одатий ҳол бўлган −4 фаренгейт (−20 даража) ҳароратда олти ойгача сақланиши мумкин. Pfizer бош илмий ходимининг Буссинес Insider нашрига берган маълумотида айтилишича, компания ҳозирда ташиш ва сақлаш учун ўта паст ҳароратлар талаб қилинмайдиган кейинги авлод вакцинаси устида иш олиб бормоқда.

Moderna вакцинасининг муваффақияти Pfizer муваффақияти тасодифий бўлмаганига далолат қилмоқда

Pfizer ва Moderna ўз вакцинасини РНК-мессенжер асосида ишлаб чиққан бўлиб, бундай экспериментал вакцинани ҳосил қилиш учун вируснинг генетик коди талаб қилинади холос. Pfizer томонидан эълон қилинган йирик миқёсли тадқиқотларнинг натижалари ушбу технологиянинг одамларда наф бераётганини тасдиқловчи дастлабки нишона бўлди.

Фото: Getty Images

Бу ҳали синов босқичида бўлган бошқа вакциналар учун ҳам муваффақиятни кафолатламаса ҳам, лекин Pfizer’нинг бу борадаги натижаси тасодиф бўлмаганини исботлайди. Pfizer ва Moderna вакциналарининг муваффақияти соҳанинг бошқа етакчилари интилаётган мақсадлар учун ҳам маёқ бўлиши керак. Ушбу вакциналарнинг барчаси коронавируснинг аниқ бир қисмига – унинг боғловчи оқсилига мўлжаллаб уришга қаратилган.

Ва ниҳоят, олинган ушбу натижалар РНК борасидаги тадқиқотлар учун муҳим пойдевор бўлиши керак. Moderna компанияси Зика вируси, грипп, ситомегаловирус (СМВ) ҳамда респиратор-синситиал вирус (РСВ) касалликларига қарши бир неча номзод вакциналар устида иш олиб бормоқда. Бансел эндиликда бошқа касалликларга ҳам қарши вакциналарни яратиш борасида муваффақиятга эришилишига ишонаётганини айтди.

«Агар бу вакцина юқори самарадорлик берса, Зика вирусига қарши ва СМВ га қарши вакцина ҳам самарали бўлади. Бу копи-паст дегани. Бу шунчаки илм!», — деб таъкидлади Бансел.

Moderna синовларидаги 11 та оғир ҳолатларнинг барчаси пласебо билан эмланган беморларда кузатилди

Moderna тадқиқотда иштирок этган 11 нафар беморда COVID-19’нинг оғир шакли кузатилгани ҳақида хабар берди. Айтилишича, оғир шаклда касалланган беморларнинг барчаси пласебо қилинган гуруҳ вакиллари эди. Айнан шу маълумотлар Moderna бош директори Банселни кўпроқ ҳаяжонлантирди. У ушбу олинган натижалар ҳали узил-кесил якуний натижа эмаслигини таъкидлаган бўлса-да, ҳозирдан «касалликнинг оғир кўринишини олдини олишга имконият» очганини айтиб ўтди. Ўша 11 нафар оғир бемор экспериментал вакцина олмаган эди.

Moderna, шунингдек, COVID-19 беморларининг ёши ва касаллик манбайига кўра тартиблаб чиқилган 95 та ҳолат учун ҳужжатларни тақдим этди. Беморларнинг 15 нафари 65+ ёш тоифасидагилар бўлган бўлса, яна 20 нафари жамиятнинг турли қатламлари вакиллари эди.

Тажрибада қатнашганларнинг деярли 10 фоизи кундалик ҳаёт тарзи билан яшашга йўл қўймайдиган даражадаги кучли ҳолсизликни ҳис қилди

Moderna вакцинаси қатор сезиларли ножўя таъсирларга эга. Унинг аксар ножўя таъсирлари енгил ва ўртача кўринишда бўлса ҳам, барибир айрим кўнгиллиларда ҳақиқатан ҳам тиббиёт нуқтаи назаридан қараганда жиддий бўлди, лекин ҳаёт учун кескин хавф туғдирмайдиган ножўя таъсирлар кузатилди.

Бундай жиддий ножўя таъсирлар асосан иккинчи доза юборилганидек кейин кузатилди. Энг кўп кузатилган ножўя таъсир бу – ҳолсизлик бўлди. Беморларнинг 9,7 фоизида кучли ҳолсизлик кузатилган бўлса, яна 8,9 фоиз беморда кучли мушак оғриқлари намоён бўлди. Бундай ножўя таъсирларни тиббиётда уч даражали деб белгиланади ва улар муайян  муддат мобайнида одатий ҳаёт тарзи билан яшашга халақит беради. Moderna хабарида айтилишича, бундай ножўя таъсирлар «узоқ муддатли эмас». Кўнгиллиларнинг 5,2 фоизида кучли бўғим оғриқлари, яна 4,5 фоизида кучли бош оғриғи, 4,1 фоизида инъекция қилинган жойдаги оғриқ ва икки фоизида эса инъекция қилинган жойда қизариш юзага келиши кузатилди.