Sciencealert сайтида коронавирусга қарши самарадорлиги исботланган иккита вакцина ҳақидаги мулоҳазалар баён этилган мақола эълон қилинди. «Дарё» ушбу мақолани таржима тариқасида тақдим этади.
Яна бир вакцина синовининг ижобий натижалари ҳақидаги хабарларни эшитиш ёқимли бўлди, яхши вакцина бу – пандемияга чек қўйишнинг катта имконияти ҳисобланади. Ўтган ҳафтада Pfizer компаниясининг эълон қилган оралиқ натижаларига кўра, унинг вакцинаси COVID-19 га қарши 90 фоиз самара беришини кўрсатди. Кейин эса ўз натижаси билан Moderna ҳам етиб келди: унинг оралиқ натижаси вакцинанинг деярли 95 фоиз самарадорлигини кўрсатган ва айтилишича, у касалликнинг оғир шаклидан ҳам ҳимоя қила олар экан.
Улардан ҳеч бири вакцина хавфсизлиги борасидаги бирор жиддий муаммолар ҳақида хабар бермади ва уларни ҳали ўн минглаб кўнгиллиларда синаб ҳам кўрмади. Ҳозирда COVID-19’га қарши жуда кўплаб вакциналар синовдан ўтаётгани сабабли, яқин ойлар ичида катта эҳтимол билан яна янги натижалар олинса керак. Сарлавҳаларда юқоридаги сингари рақамлар диққатни тортади, лекин бундай натижалар аслида нимани англатишини яхши тушуниб олиш учун масалага чуқурроқ қараш керак.
Шуни инобатга олган ҳолда, ҳар қандай вакцинанинг натижадорлиги ҳақидаги хабарларга нисбатан қуйидаги олти саволни албатта қўйиб кўриш керак:
Бу вакцина хавфсиз деганими?
Агар у минглаб кўнгиллилар иштирокидаги дастлабки уч босқич синовлардан ўтиб бўлган бўлса, демак, катта эҳтимол билан бу саволга «ҳа» деб жавоб бериш мумкин. Хавфсизлик борасида жиддий шубҳалар пайдо бўлса, вакциналар синови бунчалик узоққа бормасди. Авваллари фармацевтика компаниялари салбий натижаларни яширишга муваффақ ҳам бўларди, ҳозирда қоидаларга кўра, барча синов натижаларини ошкора эълон қилиниши шарт ва уларни бошқа тадқиқотчилар ҳам кузата олиши зарур.Шу сабабдан ҳозирда бу йўналишга ишонч аввалгидан кўра анча ортган; шунга қарамай, гап фақат оралиқ натижалар ҳақида бораётган бўлса, барибир эҳтиёткорроқ бўлган маъқул. Айрим одамлар COVID-19’га қарши вакциналар мисли кўринмаган жадалликда ишлаб чиқилаётганидан хавотирга тушмоқда. Лекин бу жараёнларнинг катта қисми кучли хавфсизлик профилларига эга бўлган платформали технологиялар воситасида яратилмоқда.
Жараёнда янги технологиялардан ҳам фойдаланиляпти, лекин клиник синов жараёнлари ва унинг устидан назорат ўта жиддий бўлиб, кўплаб ножўя таъсирларни синов амалиётларининг энг дастлабки босқичларидаёқ аниқлаш имконини беради. Вакцинанинг узоқ муддатли эҳтимолий ножўя таъсирлари ҳақида ҳозирдан бир нарса дейиш қийин, лекин вакциналар учун узоқ муддатли ножўя таъсирлар камдан-кам учрайди ҳамда ва вакцинанинг хатари ушбу вакцина қарши эмланадиган касалликнинг хатаридан паст (бехатарроқ) бўлади.
Сарлавҳалардаги рақамлар синовларнинг асл кўрсаткичларини ифодалайдими?
Синов давомида кўплаб кўрсаткичлар қайд этилади, лекин ушбу синовдан кўзланган бирламчи мақсад ёки жавоб олиниши керак бўлган асосий савол мавжуд бўлади.Синовлар мобайнида бир қатор иккинчи даражали тадқиқот масалалари ҳам кўрилади, уларнинг натижалари эса тадқиқотнинг муваффақияти белгиси ҳисобланмайди. Сиз етарлича кўп сонли синовларни бажарсангиз, улардан бир нечтаси тасодифан бўлса ҳам кўзланган натижани бериб қолади. Синов тадқиқотлари мобайнидаги бу каби оғишлар p-hacking деб юритилади. Сиз ҳар қандай синов тадқиқотларининг асосий ва иккиламчи мақсадлари ҳақида клиник тадқиқотлар реестридан билиб олишингиз мумкин.
Бу каби кўрсаткичлар ҳозирча фақат оралиқ натижалар экани муҳим. Pfizer ва Moderna сингариларнинг натижаси кўп нарса ваъда қилаётгандек туюлса ҳам, ҳали бу дегани улар якуний муваффақиятни кафолатламайди.
Синовлар ўзи тўғри олиб борилганми?
Кўплаб касалликларда, муайян дорининг асли ва таъсир қилувчиси орасидаги тафовутни илғаш қийин бўлади. Лекин вакцина борасида бу саволнинг жавоби анча оддий: вакцинация қилинган одамларга касаллик юқдими ёки йўқми – шу холос. Масаланинг бошқа тафсилотларига эҳтиёткорроқ муносабатда бўлган яхши.Вакцина кимларда синаб кўрилди?
Синов натижаларини реал ҳаётга кўчириш мумкинми? Бу ўринда, популяция (COVID-19 билан касалланиши мумкин бўлган барча одамлар) ва ушбу популяция ичидан синовларда қатнашиш учун саралаб олинган одамлар орасидаги фарқни тушуниш муҳим. Кўп ҳолларда синовларда синчиклаб саралаб олинган иккита гуруҳ иштирок этади ва шу сабабли уларни ўзаро таққослаш мумкин бўлади. Улар жиддий назоратга олинади.Бир гуруҳга вакцина юборилади. Бошқасига эса плацебо (масалан, физиологик эритма инъекция қилинади ёки бошқа касаллик учун ишлаб чиқилган вакцина) қилинади ва синов иштирокчилари ўзларини вакцинацияланган деб ҳисоблай бошлайди, шундан кейин вакцина ва плацебонинг уларга таъсири кузатилади. Дастлабки босқич тадқиқотларда хавфсизлик нуқтаи назаридан иштирокчилар ёш ва соғлом одамлардан саралаб олинади ва шу сабабли, бу гуруҳни умумий аҳоли миқдори учун намуна сифатида қабул қилиш ўринли бўлмайди.
Бироқ синовларнинг кейинги босқичлари мобайнида тадқиқотчилар аҳолининг турли қатламларидан олинган вакиллар иштирокида тадқиқотлар олиб боришга ҳаракат қилади. Шу сабабли ҳам якунловчи – учинчи босқич тадқиқотлар жуда муҳимдир, чунки бу босқичда вакцина популяциянинг барча қатлами учун мўлжалланган тарзда синаб кўрилади.
Тадқиқотларнинг расмий натижалари синовда иштирок этган кишиларнинг рўйхатидан иборат жадвал кўринишида бўлади ва кўпинча (ёши, жинси ва ҳоказоларига кўра) турли аҳоли қатламлари учун самарадорлик кўрсаткичларини тақдим этади.
Афсуски, айтилган ўша 95 фоиз самарадорлик кўрсаткичини аҳолининг барча қатламлари учун бирдек тааллуқли деб бўлмайди. Бу эса COVID-19 борасида жуда муҳимдир. Бизга маълумки, бу касаллик катта ёшдагилар учун хатарлироқдир. Шу сабабли ҳам ёш тоифасига кўра самарадорлик кўрсаткичлари эълон қилинмасидан олдин юқоридаги каби натижаларнинг тафсилотларига чуқур киришмаган яхши.
Вакцинани қўлласа бўлаверадими?
Хурсанд бўлишдан аввал бир неча амалий саволларга жавоб олиш керак. Аввало, вакцинанинг нархи қандай бўлади? Уни улгуржи харид қилиш мумкинми? Уни ташиш ва сақлаш осон бўладими? Нечта бустер керак бўлади?Шу сингари логистик муаммолар (масалан, ўта паст ҳароратларда ташиш ва сақлаш зарурияти сингари) янги вакцинанинг клиникаларга етиб келиши йўлига осонгина тўғаноқ бўлиши мумкин.
Вакцина ҳақидаги хабарларга ишонса бўладими?
Ишончли ва ишонарсиз ахборот манбаларини фарқлай олиш лаёқати борган сари муҳим бўлиб бормоқда. Масалан, ижтимоий тармоқларда юзаки гаплар тарқалади ва улар дезинформацияга мойилроқ бўлади. Бошқа тарафдан эса илмий журналлардаги мақолаларни ва клиник тадқиқотлар реестри каби маълумотларни мутахассис бўлмаган одамларнинг тушуниши қийин бўлади.Бу саволнинг жавоби – ишончли журналистикадир. Таҳририят назорати остида чиқадиган ва ишончли илмий ва тиббий ҳисоботларни бериб борадиган манбаларни изланг. Битта материал билан чекланиб қолмаслик, балки турли мақолаларни ўқиб, таққослаб кўриш сизга мўътадил холис тасаввур ҳосил қилиш учун ёрдам беради. Берилаётган хабарни журналист қаердан олгани билан қизиқиб кўриш ҳам муҳимдир.
Тақризланадиган журналлардан олинган маълумотлар бўлса, бу яхши белги бўлиб, бундай журналлардан келтирилган иқтибос ва ҳаволалар фактларнинг синчиклаб текширилганига далолат қилади. Маълумотлар келтирилаётган манба перепринтлардан иборат бўлса (яъни ҳали тақриз қилинмаган мақолалар бўлса) ёки компанияларнинг пресс-релизлари сингари «кул ранг манба» деб аталадиган манбалардан иборат бўлса, ундан эҳтиёт бўлиш керак.
Ахборотнинг асосий манбайи бу – докторлик даражасига эга бўлган шахсларнинг ёки лавозими жимжимадор номга эга бўлган одамларнинг интервьюси шаклида бўлса ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Бирор олимнинг интервьюда айтган гаплари ўша олимнинг тақризланадиган академик журналда чиқарган илмий мақоласига муқобил бўла олмайди.
Изоҳ (0)