Туркияда хорижлик сайёҳларга 21 ноябрдан бошлаб мамлакатда дам олиш кунлари амалда бўладиган комендантлик соатига риоя этмасликка рухсат берилди. Бу ҳақда Туркия Ташқи ишлар вазирлигига таяниб, Meduza хабар берди.

Фото: «Vesti.ru»

Туристлар жой банд қилинганлиги ҳақида ҳужжатга эга бўлган тақдирда уларга автомобилда бир шаҳардан бошқасига боришига рухсат берилади.

Ресторанлар ва меҳмонхоналар меҳмонлар учун одатий режимда ишлайди, аэропортлардаги муассасалар ёпилмайди.

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 17 ноябрь куни COVID-19 пандемияси сабабли янги чеклов чоралари жорий этилишини маълум қилди.

Туркияда дам олиш кунлари комендантлик соати кечки соат 20:00 дан эрталаб соат 10:00 гача эълон қилинади. Савдо марказлари ва бозорларга соат 10:00 дан 20:00 гача ишлашга рухсат берилади, барлар ва ресторанлар етказиб бериш хизмати учун ишлайди.

Ўзбекистон Туркиядаги элчихонаси томонидан берилган маълумотга кўра, Туркияда 65 ёшдан катта фуқароларнинг кўчага чиқишига ўрнатилган чекловлар энди 20 ёшдан кичик шахсларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Мамлакатда дам олиш кунлари уйдан чиқишга қисман тақиқ жорий этилмоқда. Мамлакат бўйлаб дам олиш кунлари қисман комендантлик соати ҳам амал қилади. Аҳолига фақат маҳаллий вақт билан соат 10:00 дан 20:00 гача кўчага чиқишга рухсат берилади.

Кинотеатрлар йил охиригача ёпиқ бўлади. Ўйин ва спорт майдончаларидан фойдаланиш тақиқланади. Мамлакатдаги барча спорт тадбирлари ҳозирги вақтдагидек томошабинларсиз ўтказилади.

Мактаб ўқувчилари ва талабалар учун масофавий ўқиш 2020 йил охиригача узайтирилмоқда. Кўчада сигарет чекишга тақиқ ҳам ўз кучида қолади.

Бундан ташқари, маҳаллий ҳокимият органларига эпидемиологик вазиятдан келиб чиққан ҳолда қўшимча чеклов чораларини жорий этиш ҳуқуқи берилди. Хусусан, Туркиядаги коронавирус билан касаллананишнинг деярли ярми қайд этилган Истанбул шаҳри расмийлари 2020 йил 19 ноябрдан бошлаб музейлар ва санъат марказлари, сузиш ҳавзалари ва концерт залларини ёпмоқда.

Юқорида келтирилган маълумотларга биноан, Ўзбекистон элчихонаси Туркияда вақтинча бўлиб турган, ўқиётган, меҳнат қилаётган, доимий яшаётган ёки ушбу мамлакатга ташриф буюришни режалаштираётган Ўзбекистон фуқароларидан ушбу чеклов чораларини ҳисобга олиш, ўз соғлиғига эътиборли бўлиш ҳамда Туркия расмий идораларининг аҳолини коронавирус тарқалишидан ҳимоя қилишга қаратилган барча талабларига амал қилишга чақирган.

Аввалроқ Туркияда 12 ноябрдан одам кўп тўпланадиган кўчалар ва жамоат транспортлари бекатларида сигарет чекиш тақиқланган эди.