АҚШнинг амалдаги президенти Дональд Трамп Американинг йирик оммавий ахборот воситалари Жо Байденнинг сайловларда ғолиб чиққанлигини эълон қилганидан кейин ҳозирча мағлубиятини тан олишдан бош тортди, дея хабар бермоқда Meduza.

Фото: Getty Images

«Ушбу сайлов якунланишига ҳали вақт бор», – деди Трамп ўз баёнотида.

Трамп 9 ноябрдан бошлаб ўзининг сайловолди ташвиқот гуруҳи сайлов қонунчиликка тўлиқ мувофиқ тарзда ўтганини ва қонуний ғолибни аниқлаш учун судга мурожаат қилишини ваъда қилди.

«Америка халқи демократия тамойилларига муносиб равишда берилган ҳақиқий овозлар ҳисоби тўғрисидаги натижани билмагунича тинчимайман», – дейди Трамп.

Жо Байден, ўз навбатида, Twitter’да АҚШ президентлигига сайланганидан фахрланишини айтди.

«Бизни қийин иш кутмоқда, лекин мен сизга шуни ваъда қиламанки, мен учун овоз берганингиз ёки бермаганингиздан қатъи назар, мен барча америкаликлар учун президент бўламан», – деб ёзади Байден.

Шунингдек, Байден ўзининг Twitter’даги мақомини «АҚШнинг сайланган президенти» дея ўзгартирди.

Скриншот: Twitter/Жо Байден

Аввалроқ Америка нашрлари Жо Байденни АҚШнинг навбатдаги президенти деб эълон қилганди.