Американинг Алабама штатида полициячилар иккита қизча ўтирган машинани таъқиб қилишга мажбур бўлди. 11 ёшли қизалоқ бувисининг Ford Ranger’ини миниб қочган. Вояга етмаган қиз соатига 130 километр тезликда патруль машиналаридан узоқлашишга уринган, деб ёзади АL.
Мазкур ҳодиса Бессемер шаҳрида содир бўлган. Маҳаллий офицерларга бир аёл мурожаат қилиб, 11 ёшли набираси Ford Ranger автомобилини сўроқсиз миниб кетганини билдирган.
Аёлнинг қўшимча қилишича, у Жефферсон округи шерифи офисига тегишли ариза ёзган, бироқ ҳозирда ўзининг автомобилини кафелардан бирининг қаршисида кўриб қолган.
Полиция Ford Ranger’га яқинлашганида унинг ичида икки нафар қизча ўтирган бўлган. Улар ҳуқуқ-тартибот ходимларини кўриши билан газ тепкисини босиб, қочишга уринган.
Патрулда пикапни таъқиб этишдан бошқа илож қолмаган. Болалар машина тезлигини соатига 130 километрдан ошириб, 50 километрга яқин йўл босиб қўйган. Охир-оқибат улар бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги ариққа тушиб кетган. ЙТҲ оқибатида ҳеч кимга жароҳат етмаган.
Аввалроқ америкалик 11 ёшли ўқувчи мактаб автобусини ҳайдаб қочгани, полициячилар уни ярим соат қувлашга мажбур бўлгани тўғрисида хабар берилганди.
Изоҳ (0)