АҚШ пойтахти Вашингтонда 2020 йил 23 октябрь куни рассом Сюзан Фирстенберг томонидан коронавирус пандемияси пайтида одамларнинг оммавий равишда ҳалок бўлишига бағишланган «Қандай қилиб бу Америкада содир бўлиши мумкин...» деб номланган бадиий инсталляция очилди. Инсталляция коронавирус оқибатида вафот этган америкаликлар сонига мос равишда 223 059 оқ байроқдан иборат. Рассомнинг ўзи маҳаллий аҳолидан қурбонлар сони ошгани сайин янги байроқларни ўрнатишда ёрдам беришни илтимос қилган. АҚШ коронавирусдан вафот этганлар сони бўйича дунёда биринчи ўринда бормоқда. Ҳозирда мамлакатда ҳар куни 700-800 киши COVID-19’дан вафот этмоқда. Жонс Ҳопкинс университетининг маълумотларига кўра, АҚШда 8 704 968 та коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланган. Беморларнинг 3 460 455 нафари соғайган.

Фото: Reuters