Украиналик олимлар томонидан яратилаётган коронавирусга қарши вакцина бошқа вакциналарга ўхшамайди. Бу ҳақда Украина президенти Владимир Зеленский маҳаллий телеканалларга берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзмоқда «Korrespondent.net».
Зеленскийнинг сўзларига кўра, қатъий карантин чоралари иқтисодиётни бутунлай тўхтатиши мумкин. Шу сабабли Украина бу чораларни жорий қилмайди.
Шунингдек, у Украина COVID-19’га қарши вакцина яратаётгани ҳамда у такрорланмас эканлигини айтган.
«Биз ҳаммаси ҳақида гапира олмаймиз, чунки клиник синовларни ўтказиш керак. Бу пафос эмас, популизм эмас. У такрорланмас, чунки у бошқаларидек эмас. Бизда материаллар бор, тадқиқотлар олиб борилди, бироқ одамларда эмас, лекин олиб борилди», — дея маълум қилган Украина президенти.
Зеленский вакцинанинг тайёр бўлиш вақтини айта олмаган, бироқ бошқа бир давлатда вакцина аввалроқ тайёр бўлса, Украина ҳар қандай ҳолатда ҳам уни сотиб олишини билдирган.
Пандемия бошидан буён Украинада 322 879 кишида COVID-19 аниқланган. Касаллик оқибатида сўнгги суткада 113 киши, умумий ҳисобда эса 6043 киши вафот этган. Шунингдек, Украинада биринчи марта сутка давомида 7 мингдан ортиқ кишида COVID-19 қайд этилган.
Аввалроқ Владимир Зеленский Украинада бир кеча-кундузда касалланганлар сони 9,5 минг кишидан ошса, қатъий чекловлар жорий қилинишини маълум қилганди.
Изоҳ (0)