Швейцария федерал канцелярияси мамлакатнинг ҳар бир фуқаросига, шу жумладан, болаларга ҳам 7500 Швейцария франки (тахминан 7 минг евро) тўлаш ҳақидаги ташаббусни расмий ахборотномада чоп этди, деб хабар беради Meduza.
2022 йил 22 апрелгача ташаббусни 100 минг киши қўллаб-қувватласа, у референдумга олиб чиқилади. Агар референдум бўлиб ўтса, ташаббус қабул қилинганидан кейин камида бир йил ичида пул тўланади.
Мамлакатнинг ҳар бир фуқаросига 7500 франкдан тўлаш таклифи билан Санкт-Галлен кантонининг етти фуқароси чиққан. Ташаббус муаллифларига кўра, Швейцария Миллий банки миллий валюта қийматини тушириш учун «вертолёт пули»ни (якуний истеъмолчилар орасида эркин тақсимланадиган қайтарилмайдиган пул) тўлаши керак. Ғоя муаллифлари фикрича, пулни тўлаш учун янги пуллар чиқарилиши керак, таклиф этилган сумма эса солиқлардан озод этилиши керак.
2016 йил июнида бўлиб ўтган референдумда Швейцария аҳолисининг кўпчилиги мамлакатда фуқароларга уларнинг ишлаш-ишламаслигидан қатъи назар, ойига 2500 франк миқдорида кафолатланган даромад жорий қилинишига қарши овоз берган эди.
Эслатиб ўтамиз, Швейцария ҳукумати 19 октябрь кунидан барча жамоат жойларида мажбурий ниқоб тақишни жорий қилди.
Изоҳ (0)