Тошкент шаҳар ИИББ ижтимоий тармоқларда тарқалган пойтахтда бир фуқаронинг ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари томонидан қўлга олинишига оид видеога изоҳ берди.
Маълум қилинишича, 2 октябрь куни Миробод тумани ИИО ФМБ тезкор ходимлари томонидан прокуратура органларининг қарорига кўра масъулияти чекланган жамиятлардан бирининг раҳбари бўлмиш Сайидали М. исмли фуқаронинг турар жойи аниқланган. Терговолди текширувлари давомида прокуратура ходимлари томонидан мазкур МЧЖ раҳбарияти мажбурий солиқ тўловларидан бўйин товлагани аниқланган.
Бундан ташқари, Сайидали М.га нисбатан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда бошқа бир МЧЖ раҳбаридан келиб тушган ариза мавжуд. Мазкур аризада дори воситаларининг олди-сотдиси келишуви бўйича қолган маблағ тўланмаганлиги маълум қилинган.
«Тезкор ходимлар ўзларини таништириб ва хизмат гувоҳномаларини кўрсатиб Сайидали М.га туман прокуратурасига унга нисбатан келиб тушган ариза бўйича ҳолатни аниқлаш учун бориши кераклигини айтишган. Аммо Сайидали қочишга уриниб, фаол қаршилик кўрсатган. Шунинг учун ходимлар қонунчиликка мувофиқ Сайидалининг қўлларига кишан солиб, прокуратурага олиб боришга мажбур бўлишган. Ҳозирги вақтда Миробод тумани прокуратураси томонидан терговолди текшируви олиб борилмоқда», — дейилади хабарда.
Изоҳ (0)