Италиянинг Aznom Automotive компанияси Palladium лимузини интерьерининг илк суратларини намойиш этди. Олти метрли «гиперлимузин» тўртта ўриндиқ, ноодатий диван ва мини-барга эга бўлади, деб хабар беради Motor.
Орқадаги йўловчилар учун ажратилган жой нафақат кенг, балки «ультрақулай» ҳам ҳисобланади. Диван алоҳида ажралувчи суянчиқлар билан жиҳозланган бўлиб, уни йўловчилар ўзларига мослаштириб олиши мумкин. Ўриндиқ оёқчаларида эса ичимликлар, сигара ва бошқа майда-чуйдаларни сақлаш учун махсус совутгичга эга бўлмалар мавжуд.
Тақдим этилган суратларда модель интерьери икки хил рангдаги чарм ва ёғоч панеллар билан қопланган, бироқ мижоз буюртмасидан келиб чиқиб дизайнерлар эксклюзив жиҳозлашни ҳам амалга ошириши мумкин. Компаниядагиларнинг таъкидлашича, лимузинни жиҳозлаш имконияти деярли чексиз.
Palladium модели Camal Studio билан ҳамкорликда яратилган бўлиб, унинг узунлиги қарийб 6 минг миллиметрга, баландлиги эса — 2 минг миллиметрга етади. Лимузиннинг орқа эшиклари ҳаракат йўналишига қарши очилади. Моделга 671 от кучига эга 5,7 литрли двигатель ва тўлиқ узатмали тизим ўрнатилиши кутилмоқда.
Мавзуга доир: Дунёдаги энг тезкор лимузин сотувга қўйилди (фото)
Изоҳ (0)