«Дарё»га Самарқанд шаҳрида яшовчи фуқаро М.С. (аризачининг илтимосига кўра исм-фамилия қисқартирилди) мурожаат қилиб, 2018 йилнинг 30 январь куни Самарқанд шаҳридаги 16-сонли нотариал идораси нотариуси Бахтиёр Ҳимматов ўз хизмат мавқейидан фойдаланиб, собиқ турмуш ўртоғи Абдунаби Холиқов ва Вакил Абдухолиқов билан тил бириктирган ҳолда фирибгарлик, алдаш йўли билан мулкий ва моддий зарар этказиш мақсадида унинг номидан ҳужжат қалбакилаштирганлигини билдирган.
Аризада қайд этилишича, Самарқанд шаҳар Ибн Сино кўчаси 5-уйда жойлашган «Добрий доктор сервис» МЧЖ биносини собиқ турмуш ўртоғи Абдунаби Холиқовнинг отаси Пўлат Холиқовнинг номига ўтказиш баҳонасида эр-хотин ўртасида топилган мол-мулк қалбаки ҳужжатлар асосида бошқа шахсларга сотиб юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан «Дарё» мухбири Фарҳод Норбўтаев журналистик суриштирув олиб борди.
Аризачининг таъкидлашича, у 2001 йилда турмушга чиққан ва уч нафар фарзанди бор. 2012 йилдан бошлаб оилавий келишмовчиликлар сабаб турмуш ўртоғи билан жанжаллашиб, бир неча бор ажрашмоқчи бўлган. Аммо қариндошларининг ўртага тушиши билан эр-хотин ярашган. Бироқ оилавий низолар давом этиб келган.
«2018 йилнинг 30 январь куни собиқ турмуш ўртоғимнинг дўсти Вакил Абдухолиқов келиб, турмуш ўртоғим операция қилган бемор ўлиб қолганлигини айтди. Ўлган беморнинг яқинлари эримнинг устидан шикоят қилганлигини, агар ‘Добрий доктор сервис’ МЧЖ биносини қайнотам номига ўтказмасак, хусусий шифохона мусодара бўлиши ва эрим қамалишини айтди, — дейди М.С. — Шундан сўнг Самарқанд шаҳридаги 16-сонли нотариал идорага Вакил Абдухолиқов билан бирга бордим. Борганимда нотариус Бахтиёр Ҳимматов ва собиқ турмуш ўртоғим ўтирган экан. Нотариус менга оқ қоғоз берди, қоғозда ҳеч нарса ёзилмаганди. У менга қараб эрингиз операция қилган касал ўлиб қолибди, шунинг учун хусусий клиника биносини қайнотангиз номига расмийлаштиришимиз керак, ҳозир мен нима айтсам қоғозга шуни ёзасиз, деди. Собиқ турмуш ўртоғим қамалиб кетмаслиги учун эрим, унинг дўсти ва нотариус иштирокида нотариус айтганларини қоғозга ёздим. Аризада ‘Добрий доктор сервис’ МЧЖ биносини қайнотам номига ўтказишга розилик билдириб, имзо қўйдим. Аризада ҳеч қандай компьютерда ёзилган ёзувлар йўқ эди. Кейин нотариус реестр журналини олдида, бу худди сизларда касалларни ‘регистрация’ қиладиган журналга ўхшаган дафтар деб, ўша дафтарга исм-фамилиямни ёзиб қўйишимни айтди. Мен у ерга исм-фамилиямни ёзиб, имзо қўйдим. Исм-фамилиям ёзилган қаторда ҳеч қандай сўзлар ёзилмаган эди. Кейинчалик билсам, ўша дафтарга ариза олганлик тўғрисидаги ҳужжатлар қайд этилиб, унинг бир нусхасини олганлигим тўғрисида ‘графа’ экан. Лекин нотариус менинг қўлимга ҳеч қандай аризанинг асл нусхасини бермасдан чиқариб юборган».
Фуқаро М.С.нинг таъкидлашича, нотариусда ҳужжат расмийлаштирилганидан сўнг орадан бир ҳафта ўтиб турмуш ўртоғи ажралиш тўғрисида даъво аризаси киритган. М.С. турмуш ўртоғининг мақсадини ана шунда тушунган. 2018 йилнинг июнь ойида М.С. нотариусга қўнғироқ қилиб, ўзи имзо чеккан ҳужжат нусхасини сўраган.
«Нотариус ўша аризада юз фоиз ўз улушимдан воз кечганлигимни айтиб, унинг сизга ҳеч қандай аҳамияти йўқ деди. Шундан сўнг менда шубҳа пайдо бўлди. Ахир мен аризада бошқа нарса ёзгандим, — дейди М.С. — Мантиқан ўйлайдиган бўлсак, уч фарзанди билан кўчада қолиб турмушидан ажрашган аёл юз фоиз улушидан воз кечиши мумкинми? Хўп, майли, нима бўлса ҳам ўшандан нусха беринг, деб нотариуснинг олдига бордим. Қалбакилаштирилган ҳужжатда ‘Добрий доктор сервис’ МЧЖ устав фондидаги 99,9 фоиз улушим ёки 47 миллион 937 минг сўмлик улушни қайнотамга ўтказишга қарши эмасман деб ариза қилинган. Аслида мен ундай мазмунда ариза ёзмаганман. Нега айнан 100 фоиз улушим эмас, 99,9 фоиз киритилган? Мана шундай чалғитувчи йўллар билан мен ёзган ҳақиқий аризадаги имзом сканер қилиниб, ундаги қўлёзма компьютерда терилиб, имзо аризага жойлаштирилган. Қолаверса, текширув жараёнида қалбакилаштирилган ҳужжатнинг ранглари бўялиб кетган. Уни оддий кўз билан фарқлаш мумкин».
2018 йилнинг 2 август куни фуқаро М.С. Самарқанд шаҳридаги 16-сонли нотариал идорасига борган. У ерда нотариус Бахтиёр Ҳимматов котибасига унинг қўл телефони ва сумкасини олиб қўйишини айтган. Котиба сумка ва қўл телефонини олиб эшикни ёпиб қўйган.
«Котиба чиқиб кетганидан сўнг Бахтиёр Ҳимматов ҳеч қандай ҳужжат бермаслигини айтиб қўлимдан тортиб, ҳақорат қилди. ‘Сен улушингдан воз кечгансан, энди ҳеч қандай фойдаси йўқ’ деди. Сенга қилган муомалам ва ҳужжатни қалбакилаштирилганлигини исботлай олмайсан деб устимдан кулиб, сарсон қилишини айтди, — дейди М.С. — Ўша куни унинг менга қилган муомаласидан йиғлаб юбордим. Эшикни очинглар, деб бақирганимда ташқаридан ёрдамчиси келиб эшикни очди. У ердан чиқиб Самарқанд вилоят адлия бошқармасига қўнғироқ қилдим. Адлия бошқармасидан битта ходими келиб бизларни олиб кетди. Вилоят адлия бошқармасида Отабек Полвонов деган ходим бўлган воқеани эшитди. У ерда ҳам тортишув бўлди. Унинг олдида ўзини оқлашга ўтиб кетди. Мен у ердан ҳам йиғлаб чиқиб кетдим ва тўғри прокуратура ҳамда ички ишлар бошқармасига бориб ариза ёздим. Ўшандан бери сарсон бўлиб юрибман».
М.С.нинг айтишича, нотариус унинг қўлидан тортганида жароҳат олган ва 2018 йилнинг 4 август куни экспертизадан ўтган. Қилинган ҳақорат ва қалбакилаштирилган ҳужжат бўйича вилоят прокуратураси ва ички ишлар бошқармасига ариза берганидан сўнг нотариус Бахтиёр Ҳимматов фуқаро М.С.нинг уйи ва ишхонасига бориб, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёзган аризаларини қайтариб олишни талаб қилган. (Бу бўйича таҳририятда аудиоёзувлар бор).
«Биринчи аризам Самарқанд шаҳар прокуратурасида терговчи Ф.Мардонов томонидан кўриб чиқилаётган эди. Тергов давомида Ф.Мардонов менга аризамни қайтариб олишимни, акс ҳолда ўзимни туҳмат билан жавобгарликка тортишини айтди. Мен терговчининг талабини рад этиб, унинг устидан вилоят прокуратурасига шикоят қилдим. Шундан сўнг ишни Жомбой туман прокуратурасига ўтказишди. Терговчининг ноқонуний талаби менда яна шубҳа уйғотганди», — дейди М.С. (Ф.Мардонов устидан вилоят прокуратурасига ёзилган ариза нусхалари бор.)
Фуқаро М.С.нинг аризада келтирилган ҳолатлари тўлиқ ўрганилмасдан, прокуратура ва ИИБ томонидан кўриб чиқиляпти деб бир йилдан ошиқ вақт давомида сарсон қилиб келинган. Кейинчалик иккита ташкилот ҳам бу ҳужжат нотариусда сақланмаслигини маълум қилган.
«2019 йилнинг 12 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси бош прокурори ўринбосари Саидлазиз Саидкаримовнинг Самарқандда ўтказган сайёр қабулига кирдим. Ўша учрашувда нотариус қилган ҳужжат уч нусхада тайёрланиши, битта нусхаси нотариусда 3 йил, ундан сўнг 75 йил архивда сақланишини билдим. Саидлазиз Саидкаримовга масалани айтганимдан сўнг вилоят прокурори ўринбосари А.Эшқувватов ҳаммасини бошқатдан қонуний кўриб, мен нотариусда ёзиб берган розилик аризасининг нотариусда сақланадиган асл нусхасини топишга ваъда бериб, мендан узр сўради, — дейди М.С. — Аммо бош прокурор ўринбосари кетганидан сўнг яна сарсонгарчилик бошланди. Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон Республикаси бош прокурорнинг сайёр қабули бўлди. Бош прокурор қабулига кираман деб борганимда А.Эшқувватов ва унинг ёрдамчиси қабулга кирмаслигим учун мени хонага қамаб ўтиришди. Бош прокурор чиқиб кетганидан сўнг қўйиб юборишди. Шу ерда менда яна шубҳа уйғонди. Хўш, айтинг-чи, агар мен ноҳақ мурожаат қилаётган бўлсам нега бош прокурор қабулига қўйишмади?».
Мурожаатчининг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси бош прокурор ўринбосарининг сайёр қабулига кирганидан сўнг унинг мурожаатини ўрганиш Жомбой туман прокуратурасига ўтказилган ва 2019 йилнинг 21 декабрь куни жиноят иши қўзғатилган. Бу иш юзасидан тергов ҳаракатлари Самарқанд шаҳар ИИО ФМБда терговчи Л.Маматов ва Н.Игамбердиев бошчилигида олиб борилган.
«Охирги экспертиза хулосаси 2020 йилнинг 12 март куни чиқарилган. Лекин уч ойгача мени тергов ҳали давом этяпти, деб алдаб келишди. Ушбу тергов жараёнида қалбаки ҳужжат ва реестр журналида жиноят белгилари бўлса-да, терговчи жиноятни яшириб ишни бекор қилган. Ҳаттоки Х.Сулаймонова номидаги республика суд экспертиза маркази ходимлари Р.Туримбетов ва М.Қамбарова ҳужжатда жиноят аломатлари бўла туриб, нотўғри хулоса берган. Сабаби суд-хатшунослик ва суд-техник экспертизасини ўтказишда жиноят белгиларини яшириш мақсадида ўзлари кўрсатиб ўтган адабиётлар бўйича ҳам текшириш усулларини тўлиқ ўтказмаган. Аниқлаган хатоликларини тўлиқ баён этмаган. Тергов жараёнида терговчи Л.Маматов ашёвий далиллар билан тўлиқ ишламаган. Яъни реестр журналида шу ариза мазмунини тасдиқловчи сўз билан ариза мазмуни тўғри келмаган. Нотариусга нисбатан очилган жиноят иши терговчи Л.Маматов томонидан жиноят аломатлари бўла туриб рад этилганидан сўнг Самарқанд вилоят ИИБ бошлиғи Ш.Раҳмонов ва Тергов бўлими бошлиғи Р.Ашрапов қабулига кирмоқчи бўлдим. Аммо шу кунга қадар уларнинг қабулига кира олмаяпман. Р.Ашраповнинг ёрдамчиси Д.Қурбонов мурожаатни ўзимиз ҳал қиламиз, деб қабулга киритмайди», — дейди у.
Фуқаро М.С. нотариус томонидан ариза ўзгартирилганлиги масаласида икки маротаба адлия вазири Русланбек Давлетовнинг қабулига кирган. Аммо вазир билан учрашувдан сўнг ҳам ҳеч қандай натижа бўлмаган.
«Адлия вазири Русланбек Давлетов халқаро коррупцияга қарши курашиш сертификати олганлигини ОАВда мақтовлар билан бонг уриб айтишди. Аслида эса вазир ўзининг тасарруфида бўлган нотариуснинг ҳужжат қалбакилаштирганлигини, шу вазирликка қарашли бўлган республика суд-экспертиза маркази ходимлари жиноят аломатлари бўла туриб, уни яшираётганлигини қандай тушуниш мумкин? Шунинг ўзи уюшган коррупция эмасми», — дейди М.С.
Фуқаро М.С.нинг мурожаати асосида Самарқанд шаҳридаги 16-сон нотариал идораси нотариуси Бахтиёр Ҳимматов билан ҳам суҳбатлашдик.
Нотариуснинг таъкидлашича, бу бўйича жиноят иши қўзғатилган, экспертиза хулосаси олиниб, мурожаат ўрганилмоқда.
«Ҳолат бўйича кўп ариза бўлганлиги ҳисобга олиниб, жиноят иши очилган. Жиноят аломатлари йўқлиги сабабли тергов бир маротаба бекор қилинган. Яна қўшимча ариза тушгани учун яна қайтадан камчиликларини ўрганяпти, — дейди Бахтиёр Ҳимматов. — Ҳужжатдаги имзо ўзиники эканлиги, текст ўзгартирилмаганлиги, уларда ҳеч қанақа қўшимча ўзгартириш киритилмаганлиги, ҳаммаси бир неча маротаба қайта-қайта экспертизалардан ўтиб, ҳеч нарсага ўрин қолмаган бу масалада».
Бахтиёр Ҳимматов 2018 йилнинг 2 август куни нотариал идорада бўлган жанжал юзасидан ҳам ўз муносабатини билдириб, ҳолат прокуратура томонидан ўрганиб чиқилганлигини таъкидлади.
«Прокуратура хулосаларини берган. Ҳаммаси бўрттирилган ва бўлмаган гаплар эканлиги исботини топган. Бу нарсаларнинг ҳаммаси ҳатто жиноят иши қўзғатилиб ўрганилди. Икки йилдан буён тинган эмас, — дейди Бахтиёр Ҳимматов. — Сиз хоҳласангиз, аризани қўлда ёзиб берасиз. Лекин ҳозир қўлда ёзиш, яқин йилда бунақаси бўлмаган. Сизнинг қўлингизга текст ёзиб чиқариб берилади. Эътирозингиз бўлса, чизиб, қанақа ўзгартириш киритилишини айтасиз. Яна чиқариб берамиз. Яна эътирозингиз бўлса, яъни сиз айтган фикрингиз тўғри ёзилмаган бўлса қайтадан ёзиб беради. Текст маъқул бўлганидан кейин тагига қўл қўясиз. Мен ҳақиқатан фуқаро шу ҳужжатга имзони ўзи қўйди, деб орқасига имзони ҳақиқийлигини шаҳодатлаб бераман. Унинг ичидаги матнга аслида мен жавоб ҳам бермайман. Ёзувни ўзгартиришдан менга ҳеч қандай наф йўқ».
Шунингдек, Бахтиёр Ҳимматов ариза нотариал идорада сақланмаслигини, фақатгина шартномалар сақланишини билдирди. Унинг айтишича, ариза фуқаро талаб қилган мазмунда чиқарилиб, тасдиқлаб берилади.
Суриштирув давомида Самарқанд вилоят ИИБ ҳузуридаги тергов бошқармаси ва вилоят прокуратурасининг маълумоти икки хил эканлигига гувоҳ бўлдик. Хусусан, Самарқанд вилоят прокуратураси ахборот хизмати берган маълумотга кўра, фуқаро М.С.нинг мурожаати асосида 2019 йилнинг 21 декабрь куни Жомбой туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, келгусида суриштирув ҳаракатларини давом эттириш учун вилоят прокуратураси орқали Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ҳузуридаги тергов бўлимига юборилган.
2019 йилнинг 28 декабрь куни жиноят иши Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан иш юритувга олиниб, суриштирув тергов ҳаракатлари давом эттирилган. Терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Х.Сулаймонова номли Республика суд экспертизаси маркази Самарқанд вилояти бўлимининг 2020 йил 6 январь кунидаги 24/1.1, 25/2.1-сонли, Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ЭКБнинг 2020 йил 25 январь кунидаги 14-сонли, Самарқанд вилояти ИИБ ЭКБнинг 11 февраль кунидаги 45 ва 46-сонли ҳамда Адлия вазирлиги ҳузуридаги Х.Сулаймонова номидаги суд экспертиза марказининг 2020 йил 9 ва 12 март кунлардаги экспертиза хулосаларига кўра, М.С.нинг 2018 йил 30 январь кунидаги розилик аризасига унинг ўзи томонидан имзо қўйилиб, матн ёзилганлиги билдирилган. Шунингдек, Самарқанд шаҳар 16-сонли давлат нотариал идорасига тегишли асл гербли муҳр босилганлиги, мазкур аризадаги қўлёзма ва имзо кўк сиёҳ рангли ручка билан бажарилганлиги ҳамда аризадаги матн қўлёзма ва имзодан олдин компьютер техникаси орқали бажарилганлиги кўрсатилган.
Шу боис «Добрий Доктор Сервис» МЧЖ таъсисчиси Абдунаби Холиқов мазкур МЧЖдаги улушини отаси Пўлат Холиқовнинг номига расмийлаштиришда амалдаги қонунларда белгиланган тартибдан четга чиқмаганлиги қайд этилган. Ҳамда Самарқанд шаҳар 16-сонли нотариал идораси нотариуси Бахтиёр Ҳимматов М.С.ни аризасини Ўзбекистонда нотариат ҳақидаги қонунинг 67-моддасига (ҳужжатлардаги имзонинг ҳақиқийлигини шаҳодатлаш) асосан расмийлаштирган. Шу сабабли ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилган жиноят иши бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган деб топилиб, 2020 йилнинг 15 март куни жиноят иши тугатилган.
2020 йил 17 июль куни Самарқанд вилояти прокуратураси томонидан жиноят ишини тугатиш тўғрисидаги қарор бекор қилиниб, қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказиш мақсадида шаҳар прокуратураси орқали Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлимига юборилган. Мазкур жиноят иши бўйича дастлабки тергов бир ой муддатга тикланиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб боришга киришилган. Жиноят иши бўйича муқаддам тузилган тергов гуруҳи Самарқанд шаҳри бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан бир қанча қўшимча тергов ҳаракатлари ўтказилган. Ўтказилган қўшимча тергов ҳаракатлари натижасига кўра, жиноят иши 2020 йилнинг 26 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 83-моддаси 1-бандига асосан тугатилган.
Бироқ Самарқанд вилоят ИИБ тергов бўлими томонидан фуқаро М.С.га 2020 йилнинг 25 сентябрь куни юборган хатда Самарқанд шаҳар бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими бошлиғи Д.Султонов ва Х.Аллаёровлардан иборат терговчилар гуруҳи тузилиб, гуруҳ таркибида қўшимча тушунтириш ҳаракатлари олиб борилаётганлигини маълум қилган.
«Мен адолат излаб Самарқанд вилоят прокурори ва вилоят ИИБ раҳбари билан учрашмоқчи бўлдим. Аммо ҳар иккала ташкилот ходимлари мени раҳбарлар билан учраштирмади. Вилоят ҳокими қабулига ҳам бордим ҳеч қандай натижа бўлмади. Ҳатто Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири қабулига кириш учун икки кун уриндим, мени вазир билан учраштиришмади, — дейди М.С. — Имкон бўлса Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашиб, юзага келган ҳолатни адолатни ўрганиб чиқишларини сўрардим. Агар терговчи тўғри йўл тутган бўлса, нега бош прокурор Самарқандга сайёр қабул ўтказганда у ерга киришимга қаршилик қилди. Нега Тошкентда ИИВ вазирини қабулига борганимда учрашувга қўймай, алдаб қайтариб юборишди? Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятини ҳеч ким назорат қилмайдими?».
«Дарё» воқеалар ривожини кузатишда давом этади.
Изоҳ (0)