Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев 7 октябрь куни телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар бермоқда Президент матбуот хизмати.

Фото «Kvesti.kz»

Қайд этилишича, давлат раҳбарлари кўп асрлик дўстлик ва яхши қўшничилик ришталари, ишонч ва стратегик шериклик тамойилларига асосланган икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни янада ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилди.

Коронавирус тарқалиши оқибатларини тез фурсатда енгиб ўтиш мақсадида Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳукуматлари даражасида яқиндан мувофиқлашув ва фаол алмашинувлар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.

Суҳбатда товар айирбошлаш кўрсаткичларини оширишга қаратилган қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш, тадбиркорлар ва ҳудудларнинг янги ташаббусларини қўллаб-қувватлаш орқали кооперацияни кенгайтириш, шунингдек, маданий-гуманитар тадбирлар ўтказишга алоҳида эътибор берилди.

Шу билан бирга, минтақадаги воқеалар ривожи юзасидан ҳам фикр алмашилди. Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари Қирғизистондаги вазият ушбу мамлакат конституцияси ва миллий қонунчилиги нормаларига мувофиқ тез фурсатда барқарорлашишига умид билдирди.