Жиззах эркин иқтисодиёт зонасидаги ADM-Jizzakh заводида ноябрь ойидан бошлаб Roodell компанияси томонидан энг янги моделлардан бўлган Kia Seltos ва Kia К5 автомобилларини йиғиш бошланиши хабар берилган эди. «Gazeta.uz»нинг маълум қилишича, компания бизнес-режаси ва ривожланиш стратегиясига кўра, ҳар чоракда битта Kia моделини ишлаб чиқариш режалаштирилган. Бу ҳақда 5 октябрь куни Тошкентнинг Сергели туманидаги Kia Motors автосалонида Kia Seltos ва Kia К5 автомобиллари тақдимотида маълум қилинган.

Фото: «Gazeta.uz»

«KIA моделлари ҳақида гапирадиган бўлсак, келаси йилнинг охирига келиб биз моделлар қаторида 8 рақамига чиқамиз. Унда арзонроқлари ҳам, қиммати ҳам бўлади. Мақсадимиз — Ўзбекистонга замонавий, янгиланган ва энг сўнггисини олиб келиш», — деган Roodell’нинг бош директори ва ҳаммуассиси Дониёр Давлетияров.

Унинг айтишича, янги моделлар асосий бозорларда муайян рестайлингдан ўтганидан сўнг ишга туширилади.

Биринчи босқичда завод автомобилларни 195 операцияни амалга оширган ҳолда йирик блокли йиғиш (SKD) усулида йиғади. Иккинчи босқичда, 2022 йил охирларига бориб, пайвандлаш, кузовни бўяш ва SKD йиғилиши йўлга қўйилган цехлари бўлган линияларни ишга тушириш режалаштирилган. Айни пайтда корхонада 600 га яқин, шу жумладан, заводнинг ўзида 200 нафар ишчи ишлайди.