28 сентябрдан бошлаб Россия пойтахти Москва шаҳрида уйларни иситиш мавсуми бошланади. Бу ҳақда шаҳар мэри Сергей Собянин ўз блогида маълум қилди.

Фото: Global Look Press

«Мен иситиш мавсумини муддатидан аввал бошлаш юзасидан қарор қабул қилдим. Душанбадан бошлаб аҳоли турар жойларига иссиқлик таъминоти берилади», — деган Собянин.

Шунингдек, у янги ҳафта бошидан Москвадаги кекса ёшли, сурункали касалликлар билан оғриган кишиларга коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатлари кўпайгани сабабли уйдан кўчага чиқмасликни тавсия қилганди.

Мернинг сўзларига кўра ўз ўзини яккалаш тартибига ўтган қарийб икки миллион аҳолига қулайлик яратиш мақсадида хонадонларни иссиқлик таъминоти билан таъминлаш ишлар муддатидан аввал бажарилган. Собянин айрим нафақахўрларнинг дала-ҳовлиларда экани ва у ерда шахсни яккалаш тартибига амал қилаётганини ҳам эслатган.

«Дала-ҳовлиларга ҳам иссиқлик бериш керак, шунинг учун дала-ҳовли ва боғ участкаларига имтиёзли нархларда ўтин етказиб бериш бўйича дастурни ишга туширдик», — деган мэр.

Собянин 17 сентябрда суткасига ўртача 8 даражани меъёрий кўрсаткич деб ҳисобланишини кутиб ўтирмай, уйларга иссиқлик беришни эртароқ бошлаш ҳақида гапирганди. Ўшанда у москваликларнинг ортиқча касалликларга чалинишига йўл қўймаслик зарурлигини қайд этган.

24 сентябрда Москвада июнь охиридан бери биринчи бор коронавирус билан суткалик касалланиш ҳолати минг кишидан ошганди.

21 сентябрда Москва вилояти губернатори Андрей Воробев кундуз куни ҳаво ҳарорати анча илиқ бўлишига қарамай аҳоли турар жойларида иссиқлик таъминоти ёқилишига рухсат берганди.