Аксари ҳолларда бола дарс вазифаларини бажариши учун ота-оналар бақиришига, кўндиришига ва илтимос қилишига тўғри келади. Лекин бу каби уринишлар вақтинчалик ҳамда нотўғри ёндашув ҳисобланади.

Фото: W.day.ru

Баҳо эмас билим муҳим

Фарзандингизга қўйилган баҳони деб муносабатингизни ўзгартирманг, ака-опалари ёки бошқалар билан солиштирманг. Яхши баҳо олса, мақтанг, аммо ёмон баҳоси учун дакки бермасдан, бундан-да яхшироқ натижага эришишига нима халақит қилгани ва қандай ёрдам керак бўлгани билан қизиқинг. Асосийси, фарзандингиз сизнинг яхши кўришингиз унинг баҳоларига боғлиқ эмаслигини тушунсин. Шунда уни яхши кўрган инсонларни хафа қиладиган ишларни қилмасликка ҳаракат қилади.

Имконият даражасида шароит яратиб беринг

Фарзандингизнинг алоҳида хонаси бўлмаган тақдирда ҳам ўқув-қуроллари туриши ва дарсларини бажариши учун керакли стол-стули бўлсин. Вазифаларни бажариши учун дарс столи қулай бўлса, етарли ёруғлик ва шароит бўлса, диққатини жамлаб, бошқа нарсаларга чалғиб кетмайди. Дарс бажариш вақтида бола кўзи тушадиган ерда телевизор, телефон ёки ўйинчоқлар бўлмаслиги ва чалғитмаслигига ҳам эътибор қаратинг.

Вазифаларни бажаришнинг ҳам режаси бўлсин

Мутахассисларнинг таъкидлашига қараганда, тушки соат учдан кечки олтигача бўлган оралиқ болалар дарс бажариши учун энг қулай вақт ҳисобланади. Мактабдан қайтганидан кейин бола бир ярим соат давомида дам олиши керак. Иккинчи сменада ўқийдиган болалар дарсларини эрталаб бажаргани яхши.

Уй вазифасини бажаргандан 40 дақиқа ўтиб эса 15 дақиқалик танаффус қилиш керак. Дарс бажаришни кечга қолдирмаслигини назорат қилинг, кейинги кундаги вазифаларни ҳам олдиндан бажариб қўйишга, тақамаслигига мотивация беринг.

Ёрдамингизни аяманг

Мураккаб мавзу, тушунчаси йўқ вазифаларни бажаришни болангизнинг ўзига юклаб қўйманг. Тушунтиринг, ўргатинг ва шундан кейингина мустақил бажаришини айтинг. Ёдингиздан чиқиб кетган бўлса, интернетдаги энциклопедия ва манбалардан фойдаланинг. Аммо ҳеч қачон фарзандингиз ўрнига уй вазифани сиз бажарманг.

Фото: W.day.ru

Ошириб юборманг

Болангизнинг мактаб дарсларидан ташқари тўгарак ва қўшимча дарсларини бажариши кечгача чўзилиб кетаётган бўлса, ўйлаб кўринг, болангизнинг мажбуриятлари ёшига нисбатан ҳаддан ташқари кўпайиб кетмаяптими? Дам олмаслик ва зўриқиш сабаб бола мактабдаги фанларни ўзлаштиришга ҳам кучи қолмаётган бўлиши мумкин.

Рағбатлантиринг

Дарсларни бажариб бўлганидан ёки қайсидир мавзуни яхши ўзлаштирганидан кейин рағбатлантириб туринг. Аммо пул, конфет сингари нарсаларга ўргатиб қўйманг. Чунки ўрганиб қолган бола «пора» олмагунча вазифа бажармайдиган ёки бажарса ҳам, ширинлик учун бажарадиган бўлиб қолади. Бу эса фарзандингизнинг келажакда шахс бўлиб шаклланишига ҳам таъсир қилмай қолмайди ҳамда бирон юмушни нимадир эвазига бажариш одат бўлиб қолади.

Мустақил равишда дарс қилгани ва аъло баҳоси учун мақтаб қўйинг, шу муносабат билан тансиқ таом ёки ширинлик пишириб, биргаликда овқатланинг. Муваффақиятларидан оила аъзолари ҳам хурсандлигини англаш болани ўз устида ишлаш ва ҳаракат қилишга ундайди.

Уришиб дарс қилдирманг

Боланинг дарс қилишни истамаслигига унинг бажариш давомидаги хатоларига сизнинг уришишингиз ёки асабийлашишингизни кўришни хоҳламаётгани сабаб бўлиши мумкин. Ёзаётганида ёки машқларни бажараётганида тепасида турманг, биров кузатиб турганини билиб, ҳаяжондан янглишиб кетиши мумкин.

Ўзингизни фарзандингиз ўрнига қўйиб кўринг

Тасаввур қилинг, сиз ишингиз бўйича ойлик ҳисобот ёзяпсиз ва сизни бошлиғингиз кузатиб турибди, ҳар битта ёзганингизга реакция билдиряпти ва бир рақамда адашиб кетсангиз ҳам, баланд овоз билан койиб беряпти, сиз қандай аҳволга тушган бўлардингиз?

Сиз-ку шундай ҳолат кузатилса, ишдан бўшаб бошқа адекват раҳбар билан ишлай оласиз, болада эса бундай имконият йўқ. Унутманг, боланинг хато қилиши табиий, асосийси, хатоларини такрорламаслик ва ўрганишда. Атроф-оламни, ҳаётни энди ўрганаётган болани хато қилишдан қўрқитиб, ўқишга қизиқиши сўниши ва ҳаракат қилишни истамаслигига сабабчи бўлиб қолманг.