Марғилон шаҳар мусиқали мақом театрининг олий тоифали драма артисти Кимсанбой Собиров вафот этди. Бу ҳақда маданият вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Фото: Маданият вазирлиги ахборот хизмати

«Юсуфжон қизиқ Шакаржонов номидаги Фарғона вилоят мусиқали драма театрида Шароф Бошбеков асари асосида саҳналаштирилган ‘Темир хотин’ спектакли халқимизнинг севимли саҳна асарига айланганди. Бугун ҳам уни барча севиб томоша қилади.

‘Темир хотин’да бош ролни ўйнаган Ўзбекистон халқ артисти Муҳаммадсоли Юсуповга ‘Қўчқор ака’, Олим ролидаги Кимсанбой Собировга ‘Олимтой’ дея мурожаат қилишлари бежиз эмас.

Ижодий фаолияти давомида ўнлаб ролларни маромига етказиб ижро этган Кимсанбой Собиров мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллиги арафасида ‘Дўстлик’ ордени билан тақдирланди. Афсуски, бир умр мухлислари ардоғида ‘Олимтой’ бўлиб яшаган таниқли актёр 65 ёшида вафот этди», — дейилади хабарда.