Мексика сериалларининг оммалашувига сабаб бўлган «Эсмералда» телесериали 1997-йилда суратга олинган, 2001 йилда «Ёшлар» телеканалида намойиш этилган ҳамда қисқа вақт ичида томошабинлар меҳрини қозонган эди. Санжар Саъдуллаев, Ойбарчин Бакирова, Шоҳида Узоқова, Барно Қодирова каби маҳоратли дубляж актёрлари овози билан гапирган қаҳрамонларнинг тақдири барчани бирдек қизиқтира олган эди.
Сериал эфирга узатилганда мухлислар шу даражада иштиёқ билан томоша қилганидан қишлоқларда сигирлар ҳам йўқолгани, ҳатто деворларда ёзиб қолдирилган «Раҳмат, сенга Эсмералда!» деган ташаккурномалар ҳам қулоққа чалинган эди. Энг қизиғи, фильм намойишидан сўнг бош қаҳрамон − Эсмералдага овоз берган актриса Шоҳида Узоқова билан радио орқали олиб борилган интервьюни эшитган содда аёллар «Эсмералда Тошкентга келганмиш» деб ўйлаган экан.
Мана шундай шов-шувларга сабаб бўлган «Эсмералда» сериали қаҳрамонлари 23 йил ичида қанчалик ўзгарди?
Сериал воқеалари бошиданоқ қарама-қаршиликка бой. Камбағал оилада ўғил ва бой оилада қиз туғилади. Тақдир тақазоси билан туғилибоқ етим қолган бола бой оилага, ўлик деб гумон қилинган қиз доя Доминганинг қўлида қолади. Аммо қизалоқнинг тириклиги ва кўзи ожиз эканлигини билган Доминга энди ҳеч нарса қила олмасди. Орадан йиллар ўтиб улғайган чақалоқлар – Эсмералда ва Хосе Армандо учрашиб қолади ва бир-бирига кўнгил қўяди. Аммо уларнинг муҳаббати ортидан машаққатли синовлар кутиб туради. Уларнинг турмуш қуришига қаршилик кўрсатган йигитнинг қариндошлари ва Эсмералдага уйланиш ниятида бўлган Лусио Малавернинг фитналари туфайли икки ёш айрилиқ азобига дучор бўлади.
Эсмералда
Летисия Калдерон
Сериалда бош қаҳрамон – Эсмералда ролини ижро этган Летисия Калдерон 1968 йил 15 июлда Мехикода туғилган. Актрисанинг уч нафар акаси бор: Алехандро, Марио ва Мигел. Акаси Алехандро ҳам синглиси каби бир неча фильмларда суратга тушган. Летисия болалигида турли шаҳарларда яшаган ва 13 ёшга тўлганидан сўнг Мехикога қайтиб келган. У 1982 йил дебют ролини ижро этди ва кейинчалик 37 та фильм ва сериалларда суратга тушди. Актрисанинг номзодлиги 7 хил мукофотга 21 маротаба қўйилган ва ундан 15 марта ғалабани қўлга киритган. Шунингдек, «Энг яхши актриса» унвонига ҳам сазовор бўлган.
Маълумотларга кўра, Летисия «Эсмералда» сериалидаги кўр қиз образига шу қадар киришиб кетганки, суратга олиш ишлари якунлангандан кейин ҳам Эсмералда ролидан чиқиб кета олмаган, худди у каби кўрга ўхшаб юришга ўрганиб қолган.
Хосе Армандо
Фернандо Колунга
1966 йил 3 мартда Мехико шаҳрида Фернандо ва Маргарита Оливарес оиласида туғилган ягона фарзанд. Маълумоти бўйича муҳандис, лекин ҳеч қачон касби бўйича ишламаган. У театр томошалари учун эълон қилинган кастингда қатнашган ва кутилмаганда қабул қилинган. Фернандо актёрлик фаолиятини театрларда бошлаган ва ҳанузгача у ерда роль ижро этади.
Дон Родолфо Пенарреал
Энрике Лисальде
Энрике 1937 йил 9 январь куни Мексикада таваллуд топган. У кино, ТВ ва театр актёри бўлиб, унинг ижодий фаолияти 1960−2000 йилгача давом этди. Ўтган вақт мобайнида Энрике ўнлаб фильм, сериал ва спектаклларда роль ижро этди. Актёр 2013 йил 3 июнь куни 76 ёшида вафот этган.
Фатима Линарес
Лаура Сапата
Лаура Сапата 1956 йил 30 июль куни боксчи Гилермо Сапата оиласида туғилган. Болалигида отаси вафот этгандан сўнг онаси Иоланда Миранда қайта турмушга чиқади. Аммо ўгай ота қизалоқни яхши қабул қилмайди, шунинг учун у бувиси Эви манхе қўлида тарбия топади. Актрисанинг ўзидан кейинги 4 синглиси ҳам ижодкор – ёзувчи ва мусиқа йўлини танлади. У ёшлигидан санъат, мусиқа ва роль ижро этишга қизиқар эди. Мамлакатдаги Андрес Солер номидаги маданият ва санъат олийгоҳида актёрлик бўлимида таҳсил олди. Аммо бувиси дастлаб унинг танлаган касби ва ҳукмронлик қиладиган муҳитдан хавотир олиб, набирасининг хоҳишларига қарши чиқди. Лекин актриса бунинг аксини исботлади, у маҳортали актриса бўлибгина қолмай, бувисидан қолган барча фазилатларни ҳам сақлаб қолди.
Лусио Малавер
Сальвадор Пинеда
Сальвадор Пинеда 1952 йил 12 февралда Мексикада дипломатлар оиласида дунёга келди. Онаси Глория актриса бўлишни жуда ҳам орзу қилган, кейинчалик ўзини оиласи ва фарзандларига бағишлади. Актёр ўз фаолиятини театрда роль ижро этишдан бошлади. Шундан сўнг бирин-кетин фильм ва сериалларда суратга тушди. Актёр дастлаб актриса Альма Дельфина билан расман никоҳдан ўтган. Кейинчалик «Сендан бошқа ҳеч ким»сериали бош қаҳрамони Лусия Мендес билан ишқий муносабат ўрнатган. Энг қизиғи, сериал воқеалари ҳам шундай тарзда кечади, афсуски, актёр ҳаётда ҳам, сериалда ҳам рақибига ютқазиб қўйган. Шундан сўнг венесуэлалик актриса Майра Алехандра билан турмуш қурди ва узоқ вақтга бормай ажрашишга қарор қилди. Ҳозирда актёр ёлғиз яшайди.
Мелесио
Иганасио Лопес Тарзо
Актёр 1925 йил 15 январда Мексикада туғилган. У 1973 йил «Оқ атиргул» фильмидаги роли учун «Энг яхши актёр», 2007 йил «Ҳаёт ютуқлари» унвонига сазовор бўлди. Маҳоратли актёр 95 ёшни қаршилади ва унинг ижодий фаолияти кинода 50 дан ортиқ ва спектакллардаги бир қанча ролларни ўз ичига олади.
«Эсмералда» сериалидаги тентак Мелисо образи унинг серқирра актёр эканлигидан дарак. Сабаби у бошқа ўнлаб фильмларда жиддий ролларда намоён бўлган. Айнан тентак Мелисо ролидан кейин унга тақлид қилувчилар сони ҳам кўпайган.
Бланка Де Веласcо
Ракель Морель
Ракель Морель 1959 йил 4 февралда Морелияда туғилган. 1985 йил кино санъатига қадам қўйди. Актриса ижоди давомида бир қанча сериалларда суратга тушди ва жаҳон юлдузи даражасигаcаҳа кўтарилди. 2013 йилда Мексикада энг яхши актёр ва актрисалар рейтинги тузилди ва унга кўра актриса 100 талик рейтингнинг 77-қаторидан жой олган.
Грациела Пенарреал
Нора Салинас
Нора Салинас 1976 йил 7 июнда Мексикада туғилган. У дастлаб моделлик билан шуғулланган, кейинчалик актрисалик фаолиятини бошлаган. Салинас илк бора «Эсмерелда» сериалидаги танноз Грациела образини ижро этди. У камбағал Адрианга муҳаббат қўйган, аммо зодагон онаси Фатима назорати остида азоб чекишга мажбур, доимо муҳаббатга мойил Грациела қаҳрамонини маҳорат билан ижро этганлиги учун халқаро миқёсда шуҳрат қозонди.
Адриан Лусеро
Алехандро Руис
Актёр ва хонанда Алехандро 1967 йил 9 июнда Мексикада туғилган. У илк бора 8 ёшида «Қотил ёлғиз эмас» фильмида Хулионинг болалигини ижро этган. Кейинчалик у иқтисодиёт йўналишида таълим олади ва уни тарк этиб, актёрлик фаолиятини бошлайди. У ижоди давомида 60 дан ортиқ роль ижро этди.
Изоҳ (0)