Ўзбекистонда хориждан кириб келган фуқаролар томонидан телефонларнинг IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш бўйича юзага келаётган муаммолар ҳақидаги хабарларга Давлат божхона қўмитаси муносабат билдирди.
Қайд этилишича, ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларда фуқаролар томонидан хориждан олиб кирилган шахсий мобил қурилмаларнинг IMEI кодини рўйхатдан ўтказиш вақтида уларнинг номига бошқа мобил қурилмалар уларнинг рухсатисиз расмийлаштирилганлиги ҳақида айтилмоқда. Бунда паспорт маълумотлари учинчи шахсларга турли хизмат ходимлари томонидан тақдим этилган бўлиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган.
Мазкур хабарларда келтирилган ҳолатлар юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан текширув тайинлаган. Қўмита бу каби ҳолатларга дуч келган фуқаролардан қисқа рақамли ишонч телефони 1108 га мурожаат қилишни сўраган.
Мазкур ҳолат бўйича ўтказиладиган текширув натижалари юзасидан Давлат божхона қўмитаси томонидан қўшимча ахборот берилади.
Аввалроқ Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги Ўзбекистонда бошқа шахсларнинг паспорт маълумотлари билан телефонларнинг IMEI кодини рўйхатдан ўтказаётганларга нисбатан тергов-суриштирув ишлари олиб борилаётганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)