«Барселона» ҳужумчиси Лионель Мессининг каталон клубини тарк этиши эҳтимоли ошиб бормоқда.
Marca’нинг хабар қилишича, аргентиналик футболчи энди ўзини бу клубнинг аъзоси сифатида кўрмаяпти. Шу сабаб Месси «Барселона» йиғинига бормаяпти. Лео Ла Лига мавсумининг бошланишида ҳам жамоага қайтмаслигини «Барселона» раҳбариятига маълум қилган.
Футболчи «Барселона»нинг 31 август кунги машғулотларида қатнашмаган. Мессининг бу ҳаракатлари тўхтамайдиган бўлса, ҳужумчига жиддий чоралар кўрилиши мумкин: 11—30 кун оралиғида клуб тасарруфига келмаслик ойлик маошнинг 25 фоизигача бўлган миқдордаги жаримага сабаб бўлади.
Бироқ, айни дамда «Барселона» раҳбарияти Мессини яна ҳам ғазаблантирмаслик учун жарима белгиламоқчи эмас. Уларда вазият ўзгариши ва Месси клубда қолишга қарор қилишига умид бор.
Аввалроқ Ла Лига Мессининг шартномасини 700 миллион евро товон пули тўламасдан бекор қилиб бўлмаслигини маълум қилганди.
Мавзуга доир:
Месси 2019/20 йилги мавсумда «Барселона» сафида 44 ўйин ўтказиб, 31 та гол ва 24 та голли узатма муаллифига айланди. Аргентиналик футболчининг каталонлар билан амалдаги шартномаси 2021 йилга қадар мўлжалланган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)