Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг 21 август, жума куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлисида «Халқ депутатлари кенгашлари фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида»ги қонуннинг лойиҳаси кўриб чиқилди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.
Лойиҳа билан халқ депутатлари вилоят, туман, шаҳар кенгаши фаолиятига ташкилий, техникавий ва бошқа хизматлар кўрсатиш вазифасини эндиликда халқ депутатлари кенгаши котибияти зиммасига юклаш назарда тутилмоқда. Котибият юридик шахс ҳисобланиб, унинг фаолияти тегишли маҳаллий бюджет ҳисобидан молиялаштирилади.
Депутатларнинг қайд этишича, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар кенгашлари фаолиятига бевосита кўмаклашувчи тузилмани ташкил қилиш орқали ҳокимликларнинг аппарати зиммасидан ўзига хос бўлмаган вазифалар соқит қилинади.
«Сўнгги йилларда маҳаллий кенгашларнинг назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилиб, ҳоким, унинг ўринбосарлари, прокуратура, адлия, ички ишлар ва соғлиқни сақлаш идоралари раҳбарларининг тегишли кенгашлар олдида ҳисобдорлиги қонунларда белгилаб қўйилган бўлса-да, бу ишлар амалга оширилишини ташкил этиш, кенгашлар фаолияти уйғун кечиши учун шарт-шароитлар яратиш кутилган даражада эмасди. Бунга эса халқ депутатлари кенгашларининг ташкилий фаолиятига кўмаклашувчи бўлинманинг мавжуд эмаслиги, мазкур вазифа ҳокимликларнинг аппарати (Ташкилий-назорат гуруҳлари) ихтиёрига ташлаб қўйилганди», — дейилади хабарда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинган ва Сенатга юбориладиган бўлган.
Изоҳ (0)