«Ўзбекнефтгаз»нинг ҳудудий бошқарма масъул ходимлари 297 миллион сўмлик қувур ва қора металларни талон-торож қилгани аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура «Дарё»га маълум қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро вилояти Ромитан туман бўлими томонидан «Ўзбекнефтгаз» АЖ Газли нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармасининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.
Маълумотларга кўра, бошқармага қарашли Сув таъминоти ва канализация цехи ҳамда ҳудудий участкаларнинг товар-моддий бойликлар бўйича жавобгар шахслари Н.Б. ва Б.У. томонидан ўзининг ихтиёрида бўлган товар-моддий бойликларни сақлаш ва сарфлашда ички тартиб-қоидаларига риоя қилмасдан, ишониб топширилган жами 297,8 миллион сўмлик қувур ва иккиламчи қора металларни талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан жавобгар шахс Н.Б. ва Б.У.га нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 3-қисми «а» банди (о‘злаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
Изоҳ (0)