Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа иқтисодий фаолиятни тўхтатмасдан ҳам пандемияга қарши тура олади, деб ҳисоблайди. Бу ҳақда ЖССТнинг Европа департаменти раҳбари Ханс Клюге маълум қилди, деб ёзмоқда «Korrespondent.net».
Унинг сўзларига кўра, Европа мамлакатлари ҳукуматлари COVID-19 ҳақида етарлича маълумот йиғди.
«Базавий умуммиллий ва қўшимча мақсадли чоралар туфайли бизда вируснинг локал тарқалишини бартараф этиш бўйича анча катта имкониятлар пайдо бўлди. Биз вирус билан боғлиқ вазиятни бошқаришимиз ҳамда иқтисодиётни ҳам, таълим тизими фаолиятини ҳам ушлаб туришимиз мумкин», — дея маълум қилган Клюге.
Унинг қайд этишича, ҳозирги вазият биринчи тўлқин вақтида юзага келган вазиятдан фарқ қилади. Энди умумий гигиена қоидалари ва ижтимоий масофа билан бирга ЖССТ зарур бўлса, виусни локал даражада тўхтатиш учун қўшимча чоралар қўллашни тавсия қилмоқда.
Шунингдек, Клюгенинг таъкидлашича, ҳозир болалар учун мактабларни очиш муҳим, чунки барча мамлакатлар босқичма-босқич нормал ҳаёт тарзига қайтмоқда.
Аввалроқ Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ҳукуматларни пандемия сабабли карантин чораларини бошқа жорий этмасликка чақирганди.
Изоҳ (0)